Японияда Риштон кулолчилиги ва пазандачилиги тарғиб этилмоқда

12:22 19 Февраль 2025 Жамият
334 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Риштон туманида туғилиб, камолга етган Дилора Мансурова тақдир тақозосига кўра, бир неча йиллардан буён Японияда истиқомат қилади. У ўтган йиллар мобайнида кўнгилли равишда кунчиқар мамлакатда Риштон туризми элчиси сифатида фаолият кўрсатиб, қадрдон гўшанинг кулолчилиги ва пазандачилигини тарғиб этиб келмоқда.

— Япониянинг мен яшаётган Гифу префектураси ҳам дунёда ўзининг кулолчилик маҳсулотлари билан машҳур, — дейди дейди Дилора. — Шу боис бу ҳудуд аҳолиси Риштон тумани кулолчилигига жуда қизиқади. Юртимизга келаётган ва келиш истагидаги маҳаллий сайёҳларга туманимиздаги тарихий-маданий ёдгорликлар, кулолчилик маҳаллалари, таниқли кулоллар ҳамда миллий байрамлар ва таомларимиз ҳақида қизиқарли маълумотлар берамиз.

Гифу префектураси масъуллари кўмагида мунтазам равишда маҳаллий аҳоли вакиллари учун Риштон кулолчилиги ҳамда миллий пазандачилик йўналишида маҳорат дарслари ўтказамиз. Натижада кейинги йилларда нафақат ушбу ҳудудда, балки бутун Япония бўйлаб мамлакатимизга келиш истагидаги сайёҳлар салмоғи ошиб бормоқда.

—Яқинда ўзбек таомларини пишириш бўйича навбатдаги маҳорат дарсини ўтказдим, — дейди қаҳрамонимиз. — Беш соат давом этган машғулотда 35 нафар мезбонлар қатнашди ва мазкур жараён Гифу префектураси маҳаллий нашрида кенг ёритилди.

Айтиш жоиз, маҳаллий ҳокимлик бу борадаги ҳар бир ташаббусимизни доимо қўллаб-қувватлайди. Демак, икки юрт ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи бундай маданий тадбирларимиз бардавом бўлишига ишонамиз.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер