“Япония-Ўзбекистон” ассоциациясига янги раис сайланди

12:10 03 Июль 2023 Дунё
597 0

Мамлакатимизнинг Токиодаги элчихонаси вакиллари икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатлар ривожида халқ дипломатиясининг ўрнини янада мустаҳкамлаш мақсадида “Япония – Ўзбекистон” ассоциацияси аъзоларининг умумий йиғилишида иштирок этдилар.

Тадбир давомида Ассоциация таъсис этилганидан буён унга раислик қилиб келаётган Шима Нобухико саломатлиги ва ёши кексайиши муносабати билан ушбу лавозимни тарк этаётганлиги, уюшманинг янги раҳбари этиб раис ўринбосари сифатида фаолият юритиб келаётган, Япониянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Като Фумихико сайланганлиги маълум қилинди.

Шу муносабат билан, Шима Нобухикога икки мамлакат муносабатлари ривожига қўшган кўп йиллик ҳиссаси учун самимий миннатдорлик изҳор этилгани баробарида миллий қадриятларимизга биноан, унга ўзбекона тўн ва дўппи кийдирилди.

Тадбирда элчи Муҳсинхўжа Абдураҳмонов нутқ сўзлаб, бугунги кунда халқ дипломатияси цивилизациялараро мулоқотни ривожлантириш, халқлар маданиятини бойитишнинг энг муҳим воситасига айлангани ҳолда илм-фан ва таълим ривожига ҳам ҳисса қўшаётганини қайд этди.

Шу ўринда, “Япония-Ўзбекистон” ассоциацияси Кунчиқар мамлакатдаги энг йирик дўстлик жамияти сифатида 25 йилдан бери икки мамлакат ўртасида дўстона алоқаларни ривожлантириш ва япон ҳамжамиятини Ўзбекистон билан кенг кўламда таништириш бўйича олиб бораётган эътиборга молик фаолияти учун миннатдорлик билдирилди.

Ўз навбатида, Като Фумихико Ўзбекистон унинг учун қадрли мамлакат эканлигини ҳамда юртимиз билан ҳар томонлама алоқаларни ривожлантиришни уюшманинг янги раиси сифатида ўз олдига мақсад қилиб қўйганини айтди. Хусусан, кейинги йилларда маданий-гуманитар, таълим ва туризм билан бир қаторда савдо-иқтисодий йўналишига ҳам катта эътибор қаратилишини билдирди.

У бугунги кунда Марказий Осиёнинг, жумладан, Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги ўрни тобора юксалиб бораётганлиги,  Япония билан муносабатлар азалдан дўстлик ва ўзаро ҳамжиҳатлик мезонлари асосида ривожланиб келганлиги, келгусида уларнинг равнақида халқ дипломатиясининг ўрни янада муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлади.

Шу муносабат билан, у Япониянинг Ўзбекистондаги элчиси сифатида орттирган уч йиллик тажрибасидан Ассоциацияни бошқариш фаолиятида унумли фойдаланишини, Кунчиқар мамлакатда “Ўзбекистон дўстлари”ни кўпайтиришга сафарбар қилишини билдирди.

Тадбир доирасида “Япония–Ўзбекистон” ассоциацияси аъзолари билан давра суҳбати ташкил қилинди. Унда мамлакатимизда жорий йил 1 майдан эътиборан кучга кирган янги таҳрирдаги Конституциянинг мазмун-моҳияти, унинг давлат ва жамият ривожидаги аҳамияти ҳақида атрофлича фикр юритилди.

Шу билан бирга, 9 июль куни давлатимиз ва халқимиз ҳаётида бўлажак муҳим воқеа – муддатидан олдинги Ўзбекистон Президенти сайлови, ушбу сиёсий тадбирни халқаро андозалар ва миллий қонунчиликка мувофиқ ўтказиш бўйича амалга оширилаётган тизимли ишлар ҳақидаги маълумотлар ўртоқлашилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер