Янгиобод қишлоғи аҳлининг кўп йиллик орзуси ушалди
Фото: Халқ сўзи
Бухоро вилояти Ромитан туманидаги «Қоқиштувон» маҳалла фуқаролар йиғини таркибига тўртта қишлоқ киради. Маҳалла аҳолисининг 28,3 фоизини, яъни 1 минг 370 нафарини мактаб ёшидаги ўғил-қизлар ташкил қилади. Ана шу ёшлар ҳудудда жойлашган 19-сонли умумтаълим мактабида таҳсил олишади. Маҳалладаги Янгиобод қишлоғи эса мазкур билим даргоҳидан 7 километр узоқликда жойлашган.
Яқин - яқингача ушбу қишлоқда яшовчи 180 нафардан зиёд ўғил – қиз 19-сонли мактабда ўқишар, йўлнинг олислиги, бунинг устига болаларнинг илм масканига А-380 автомагистраль йўли ёқалаб бориб-келиши ота-оналарни хавотирга қўярди.
Ромитан туман ҳокимлиги, сектор раҳбарияти ва Халқ қабулхонаси томонидан ўтган йили ўтказилган сайёр қабулда Янгиобод қишлоғи оқсоқоли Толиб Собиров, пенционер Шоҳиста Жўраева аҳоли номидан, бу ерда яшовчи оилалар фарзандларининг хавфсизлигини ўйлаб, ҳудудда 19-мактабнинг филиалини қуриб бериш масаласида мурожаат қилишди. Бу қишлоқ аҳолисининг кўп йиллик орзуси эканини таъкидлашди.
Туман ҳокимлиги томонидан бу мурожаат инобатга олинди. Халқ таълими (ҳозирги Мактабгача ва мактаб таълими) вазирлигига таклиф киритилди. Шу тариқа Янгиобод қишлоғида 19-сонли умумтаълим мактабининг филиалини қуриш режаси 2022 йилги Инвестиция дастурига киритилди. Натижада 5 миллиард 302 миллион сўм миқдоридаги маблағ эвазига ошхонаси ва спорт зали ҳам бўлган 220 ўринли янги ўқув биноси қурилиб фойдаланишга топширилди. Айни кунда мазкур мактаб филиалида 182 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда.
Янгиобод қишлоғи аҳолиси эса кўп йиллик орзу ушалганидан мамнун.
Ғ. МУЯСАРОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Ромитан туманидаги Халқ қабулхонаси мудири.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг