Янгиланаётган Конституция мазмун-моҳияти муҳокамаси

11:03 01 Апрель 2023 Сиёсат
1077 0

Сурхондарё вилояти Денов шаҳрида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери иштирокида Конституциямизга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар мазмун-моҳиятининг муҳокамасига бағишланган тадбир ўтказилди.

Мазкур тадбирда Қонунчилик палатаси депутатлари, Денов, Сариосиё, Узун, Олтинсой, Шўрчи тумани депутатлари, таълим, тиббиёт муассалари ҳамда маҳалла фаоллари иштирок этдилар.

Тадбирда сўзга чиққанлар Асосий қонунимизнинг янги таҳририни тайёрлаш жараёни очиқ ва шаффоф ўтгани, халқимизнинг фикри, хоҳиш-иродаси акс эттирилгани, охирги йилларда мамлакатимизда амалга оширилган ислоҳотлар руҳи ифоданганлиги, энг асосийси, инсон ҳимояси ва қадрини баён этадиган муҳим ҳужжат эканлигини таъкидладилар.

Ўғилой ХИДИРОВА, Халқ депутатлари Денов тумани Кенгаши депутати, нодавлат мактабгача таълим ташкилотининг раҳбари:

— Мамалактимиздаги ислоҳотлар натижасида содир бўлаётган ўзгаришлар яққол сезилмоқда, мактабгача таълим ривожланишига бўлаётган эътибор натижасида 100 ўринли боғча ташкил қилдик ва 23 кишини иш билан таъминладик. Конституциямизда мактабгача таълимга алоҳида ўрин берилганлигидан мамнунмиз.

Мастура МАЪМУРЖОНОВА, Халқ депутатлари Узун тумани Кенгаши депутати, Узун туманидаги 4-сонли умумтаълим мактаби ўқитувчиси:

— Мен 35 йил халқ таълимида, 13 йил маҳалла тизимида ишладим. Маҳаллага раис ҳам бўлдим. Бугунги кунда маҳаллаларга муҳтарам Юртбошимиз томонидан кўплаб имкониятлар берилмоқда. Булар жумласига маҳаллада ташкил этилган «бешлик», шу билан бирга, маҳаллаларнинг ўз маблағига эга бўлиши ҳамда солиқ тушумларининг маълум бир қисми маҳалла ихтиёрида қолдирилиши каби ислоҳотлар маҳалла институтининг самарасини оширмоқда. Янги Конституция лойиҳасида мен келажакни ҳам кўряпман. Фарзандларимизни уй-жой билан таъминлаш, таълим олишлари учун барча шарт-шароитлар ва имкониятлар яратиш ҳамда бошқа ижтимоий кафолатлар қонун билан белгилаб қўйилмоқда. Референдум бизнинг келажак тақдиримизни белгилайди, халқимиз унинг аҳамиятини тушуниб етмоқда. Ўйлайманки, халқимиз референдумда фаол иштирок этади ва бу билан ислоҳотларимизни ҳам қўллаб-қувватлайди.

Яззон ХАИТҚУЛОВ, Меҳнат фахрийси, хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими:

— Конституцияда Ўзбекистон ижтимоий давлат эканлиги алоҳида белгиланмоқда. Бу тўғри, чунки Президентимиз ижтимоий ёрдамга муҳтож одамларга ғамхўрлик қилишга алоҳида эътибор қилмоқдалар. Савобни ҳар ким, ҳар куни қилиши керак, унинг чегараси йўқ. Бизда инсон ҳимояланганини ўз ҳаётида сезиб турибди. Ҳозирда ифторликлар маҳаллаларда ўтказилмоқда. Бирорта ёрдамга эҳтиёжманд одам эътиборсиз қолмаяпти. Конституциямиздаги янгиликлар мазмуни ва аҳамиятини тушунтириш борасидаги ишлар кенг миқёсда олиб борилмоқда. Албатта, Референдум қанчалик муҳим эканини халқимиз англаяпти ва биз кўтаринки кайфиятда бу сиёсий тадбирни ўтказамиз.

Ойдин ЖЎРАБЕКОВА, Халқ депутатлари Сариосиё тумани Кенгаши депутати:

— Конституцияда қўшни давлатлар билан ҳамкорлик, ўзаро бир-бирини қўллаб-қувватлаш, тинчлик ва тотувлик асосидаги дўстона муносабатларни мустаҳакамлашга ўрин берилган. Бу жуда тўғри. Президентимиз охирги йилларда қўшни давлатлар билан алоқаларни тиклашга алоҳида эътибор бердилар. Тожикистон билан чегарадош бўлган бизнинг туманимиз аҳолиси бу сиёсатдан ўта мамнун. Қўшничилик муносабатлари тикланди. Биз мамлакатимиздаги тинчликни қадрлашимиз керак ва шу тинчликни таъминлашнинг муҳим ҳуқуқий асоси – Констиуциямизни тўла қўллаб-қувватлаймиз.

Шамсиддин ОРИПОВ, Халқ депутатлари Сариосиё туман Кенгаши депутати, меҳнат фахрийси:

— Конституциямиз замондан орқада қолиб кетмасагина, у шиддат билан олиб борилаётган ислоҳтларимизнинг Бош ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қила олади, тинч ва осуда ҳаётимизнинг кафолати бўла олади. Янгиланаётган Конституция лойиҳасига кўра, ҳокимларнинг халқ депутатлари Кенгашларига раҳбарлик қилиш амалиёти тугатилиб, кенгашларга ҳокимдан бошқа мустақил бўлган алоҳида Кенгаш раиси раҳбарлик қилиши белгиланмоқда. Содда қилиб айтганда, эндиликда халқ сайлаган депутатлар ҳоким фаолиятини бевосита ва холисона назорат қилиш имкониятига эга бўлади. Конституцияда Давлат ҳокимяти идораларининг ваколатлари ҳам жиддий кўриб чиқилмоқда. Ҳар уч ҳокимият ишида ўзгариш бўлади ва бу ишлар, албатта, инсон манфаатига хизмат қилади.

Тадбир иштирокчиларига мамлакатимизда сўнгги йилларда турли соҳалардаги ислоҳотлар ва уларнинг натижалари ҳақида ҳам ахборот берилди.

Қонунчилик палатаси депутатлари Денов туманидаги фермер хўжалигида бўлиб, фермерлар вакиллари билан учрашдилар. Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги имкониятлар, ердан унумли фойдаланиш, аҳолининг даромадларини ошириш борасидаги олиб борилаётган ишлар билан танишдилар. Фермер ва деҳқон хўжаликлари раҳбарлари Конституцияда мулк ҳуқуқини кафолатли ҳимоя қилиш соҳасидаги қоидаларни маъқулладилар.

Шунингдек, Қонунчилик палатаси депутатлари Денов туманидаги 82-сонли ўрта таълим мактабида педагог ходимлар билан Конституция мазмун-моҳияти юзасидан учрашув ҳам ўтказдилар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер