Янгиланаётган Конституция аҳоли манфаатларига хизмат қилади

08:43 31 Март 2023 Сиёсат
731 0

И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкент шаҳридаги филиали академик лицейида янгиланаётган Конституциянинг инсонлар ҳаётида тутган ўрни, унга киритилаётган янги нормалар ва уларнинг аҳамиятига бағишланган тадбир ўтказилди.

Маҳалла фаоллари, жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ойдин Абдуллаева янгиланаётган Бош қомусимиз ҳақида батафсил маълумотлар берди.

Таъкидланганидек, Конституция – давлатнинг Асосий қонуни бўлиб, шахс, жамият ва давлатнинг ўзаро муносабатларини тартибга солади. Ҳар қандай меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат қонун, фармон, қарор ёки бошқа бўладими авваламбор Конституцияга асосланади.

Янгиланаётган Конституцияда давлат фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, уларни ишсизликдан ҳимоя қилиш, шунингдек, камбағалликни қисқартириш чораларини кўриши мустаҳкамланмоқда. Қолаверса, давлат фуқароларнинг касбий тайёргарлигини ва қайта тайёрланишини ташкил этиши ҳамда рағбатлантириши белгиланмоқда.

— Ушбу киритилаётган янги норма иш билан таъминланмаган фуқароларни камбағаллик ҳолатига тушиб қолишининг олди олишга ёки камбағаллик тоифасига кириб қолган фуқароларни ундан чиқариш бўйича давлат томонидан тегишли чоралар кўрилишига конституциявий кафолат сифатида хизмат қилади, — дейди О.Абдуллаева.

Яна бир муҳим норма: агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмаслиги кафолатланмоқда. Бу ҳол жиноят бўйича ҳақиқатни аниқлаш, шунингдек, айбсиз инсонларнинг жавобгарликка тортилишини олдини олишга, айни пайтда, жиноят содир этган ҳақиқий айбдор шахс ёки шахсларни аниқлашга хизмат қилади.

Тадбир иштирокчилари киритилаётган янги нормаларни эътироф этиб, берган саволларига атрофлича жавоблар олишди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер