Янгиланаётган Ғозғон

18:55 24 Март 2023 Жамият
873 0

Фото: Халқ сўзи

Ғозғон ҳақида сўз кетса, албатта, ундаги бебаҳо мармарлар тилга олинади. Зеро, Москва, Прага, Киев, Тошкент метрополитени бекатлари, Cитораи Моҳи Хосса мажмуаси каби ўнлаб муаззам иншоотларга Ғозғон мармари билан зеб берилиб, бугун уларнинг барчаси осори-атиқалар ҳисобланади. Лекин, афсуски, мустақиллик йиллари бунёдкорлигида Ғозғон мармари билан гўзаллик касб этган бирор бир иншоотни тилга олишимиз мушкул.

Аслида Ғозғон мармарининг қадри тушиб, унинг ноёблик хусусиятлари йўқолган эмас. Фақат тошга ишлов бериш технологияси эскириб, маҳсулот сифатига қўйилган талаблар ўзгарди.

— Ғозғон мармари тўқ кулранг, тутунранг, кўкимтир, қизғиш, оч қизғиш ва баъзи-баъзида нафис оқликдан иборат рангдорлиги билан ажралиб туради, — дейди ғозғонлик машҳур сангтарош Тоҳир Раҳимов. — Энг муҳими, совуқ ва иссиққа чидамли, юз йилгача ҳам сифатини йўқотмайди. Таркибида темир моддаси камлиги сабаб зангламайди, ёрилмайди.

Ғозғон мармарининг саноат йўли билан қазиб олиниши ва ишлов берилишига ўтган асрнинг 30 йилларида асос солинган бўлсада, узоқ йиллар ҳарсанг кўринишида олиб кетилиб, собиқ Иттифоқ ҳудудидаги мингдан ошиқ йирик қурилишларга етказиб берилган. Фақат ўтган асрнинг 60 йилларга келиб тошга ишлов бериш корхонаси барпо этилган ва унда ҳарсангларнинг 43 фоизигина қайта ишланган. Маҳсулот сифатига келсак, қурилиш материаллари бозорида тошнинг сержилолиги унинг рақобатбардошлигини таъминлаган, холос.

— Президентимизнинг 2018 ва 2019 йилларда Навоий вилоятига ташрифлари чоғида Ғозғонда мармар ва гранитга асосланган қурилиш материаллари саноати базасини ташкил этиш, юқори инфратизимга эга саноат шаҳрига асос солиш, ҳудудни комплекс ривожлантириш режасини ишлаб чиқиш ғоясини илгари сурди, — дейди Ғозғон шаҳри ҳокими Азим Бозоров. — Ушбу ғоя мамлакатимиз харитасида янги шаҳарва янги саноат кластери пайдо бўлишига замин ҳозирлади. Атиги беш йил ичида кўз кўриб, қулоқ эшитмаган бунёдкорликлар амалга оширилди. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 22 июлдаги «2019-2021 йилларда Навоий вилоятининг Ғозғон шаҳрини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ саноат соҳаларини ривожлантириш йўналишида «Мармаробод» МЧЖ кластернинг асосий бўғини, яъни табиий тошларни қазиб олиб, барча қайта ишловчиларни зарур хомашё билан таъминловчи корхона этиб белгиланди. 2019-2020 ва 2021-2022 йилларга мўлжалланган икки босқичли, жами 64 лойиҳадан иборат инвестицион режалар мажмуаси тасдиқланди. Унга кўра мармар ва гранит қазиб олиш ҳажми қарийб тўрт, қайта ишлаш ҳажми эса беш бараварга оширилиши режалаштирилган. Шу асосда жами 14 та МЧЖ томонидан биринчи босқичда 52 миллион, иккинчи босқичда 145 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестицион лойиҳаларни ишга тушириш тасдиқланди.

Республика Журналистлар уюшмаси Навоий вилоят бўлими ҳамда Ғозғон шаҳри ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган пресс-тур иштирокчилари дастлаб ушбу корхоналардан бири - “Gazgan stone invest” МЧЖ қўшма корхонасида мармар плиталарни ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишди.

Мазкукр корхонанинг лойиҳа қиймати 77,3 млрд. сўмни ташкил қилиб, йилига 200 минг куб метр мармар плиталар ишлаб чиқариш қувватига эга. У Италиядан келтирилган энг замонавий технологиялар билан жиҳозлангани ишлаб чиқаришда юқори сифат ва самарадорликни таъминлайди. Станокларнинг деярли барчасида тошга компьютер дастурлари асосида ишлов берилиб, фрезер станогида плиталар лазер ёрдамида кесилади. Шунинг эвазига инсон омилига эҳтиёж қисқартирилиб, бу якуний натижа – маҳсулот таннархида ўз аксини топмоқда.

— Ушбу корхонага ишга келганимга ярим йилча бўлиб қолди, — дейди оператор Ўткиржон Умматов. — Ишлаб чиқарган маҳсулотларимиз ҳозирча асосан Ҳамдўстлик мамлакатларига экспорт қилинмоқда.

Ғозғонни бугун чинакам қурилиш майдонига қиёслаш мумкин. Шаҳар замонавий шаҳарсозлик меъёрлари асосида бутунлай янги қиёфа касб этиб бормоқда. 19 километрдан тоза ичимлик суви келтирилиб, ўнлаб километрлик ички кўчаларга асфальт ётқизилди. Юқори тезликдаги Интернет, замонавий юз ўринли оилавий поликлиника ишга туширилди. Маъмурий бинолар, маданий-маиший иншоотлар бунёд этилмоқда. Шунингдек, шаҳарда кон саноати корхоналари билан бир қаторда ғозғонлик аёлларни иш ўринлари билан таъминлаш мақсадида 150 ўринли “Premier textile” хусусий корхонаси ишга туширилиб, трикотаж маҳсулотлари экспорти йўлга қўйилди.

— Бу ерда иш бошлаганимга икки йил бўлди, — дейди тикувчи Асалой Ҳақбердиева. — Бир кунда 300 га яқин тикув маҳсулоти топшираман. Корхона очилгунга қадар ишсиз эдим.

Таъкидлаш жоиз, мамлакатимиз раҳбари топшириқлари асосида қабул қилинган қарорлар ижросининг тўлиқ таъминланиши Ғозғонда 10,0 мингта иш ўрнини яратиш имкони беради. Бугун шаҳар аҳолиси 8 минг 400 киши эканини инобатга олсак, яқин келажакда Ғозғон меҳнат ресурслари жалб этувчи ҳудудга айланиши эҳтимолдан холи эмас. Албатта, мазкур омил шаҳардаги 1,6 мингдан ортиқ хонадонларда истиқомат қилувчи 2,4 мингта оиланинг яшаш шароитларини яхшилаш, эртанги кунга ишончи мустаҳкамланишида муҳим асос бўлади.

Пресс-тур иштирокчилари шаҳардаги кўкаламзорлаштириш ишларини ҳам кўздан кечирдилар. Бу ерда шу кунга қадар 3 ярим минг туп дарахт кўчатлари экилиб, ер ости қудуқлари орқали суғориш тизими яратилган. Шунингдек, журналистлар «Ташаббусли бюджет» лойиҳаси асосида 16 та замонавий компьютер, 4 та принтер ва электрон доскага эга бўлган ҳудуддаги 3-умумтаълим мактабида, сўнг мактабгача таълим муассасаларида бўлиб, яратилган шароитларни яқиндан ўргандилар.

— Минг қатла шукр, мана шундай дориломон кунларни кўрдик, — дейди жорий йил умрининг бир юз иккинчи баҳорини қарши олган фахрий Турсунқул бобо Эргашев. — Икки йил аввал республикамизнинг тўртта вилоятини айланиб келдим. Қаерга бормай, қурилишларнинг устидан чиқаман. Бу нимадан далолат, юртда тинчлик, аҳиллик барқарорлиги, инсон қадр топаётганлигидан далолат.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоиз, мамлакатимиз раҳбарининг ташаббуси асосида Ғозғон шаҳрида амалга оширилаётган инновацион лойиҳалар ишлаб чиқаришга энг илғор технологияларни жалб этиб, харидоргир маҳсулотларнинг яқин ва олис хориж бозорларига чиқишини таъминлаш орқали ҳудуд иқтисодиёти барқарорлиги ва аҳоли фаровонлигини ошириш имконини яратмоқда.

Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер