Янгийўлдаги 34 та МФЙ биноларининг кадастр ҳужжатлари йўқлиги аниқланди

17:49 17 Март 2026 Жамият
239 0

Иллюстратив фото

Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятининг Янгийўл тумани ҳудудидаги 34 та маҳалла фуқаролар йиғини биноларининг кадастр ҳужжатлари мавжуд эмаслиги ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат Давлат кадастрлари палатасининг Тошкент вилояти бошқармаси томонидан ўрганилган.

Аниқланишича, дастлаб туманда 64 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд бўлган бўлиб, тегишли қарорга мувофиқ 13 таси тугатилиб, бошқа маҳаллаларга бирлаштирилган. Ҳозирда туманда 51 та маҳалла фаолият юритмоқда. Шундан 17 та кўчмас мулк объектига кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилиб, белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилган.

Қолган 34 та объектдан 20 таси туман ҳокимлиги балансида бўлиб, мазкур объектларни маҳалла фуқаролар йиғинлари балансига ўтказиш юзасидан топшириш-қабул қилиш ҳужжатлари расмийлаштирилмаган. Яна 13 таси бўйича эса кадастр ҳужжатларини шакллантириш учун зарур бўлган ҳуқуқий асослар мавжуд эмас ёки объектлар қурилиш жараёнида бўлиб, фойдаланишга топширилмаган. 1 та ҳолатда кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш юзасидан белгиланган тартибда мурожаат қилинмаган.

Қайд этилишича, аниқланган камчиликлар тегишли ташкилотлар томонидан бартараф этилиб, зарур ҳуқуқий ҳужжатлар расмийлаштирилгандан ҳамда белгиланган тартибда мурожаат (ариза) тақдим этилгандан сўнг, мазкур объектларга нисбатан кадастр ҳужжатлари шакллантирилиб, давлат рўйхатидан ўтказилади.

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, кўчмас мулк объектлари бўйича кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш ва давлат рўйхатидан ўтказиш тегишли ҳуқуқий асослар мавжуд бўлгандагина амалга оширилиши белгиланган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер