Янгийўлда 7 та 16 қаватли ҳамда 1 та 25 қаватли замонавий уй-жойлар қурилади
Иқтисодиётнинг ажралмас бўлаги ҳисобланган инвестиция соҳасини ривожлантириш, тадбиркорлар томонидан ҳар бир туман ва шаҳарларга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар оқимини олиб кириш ҳудуд истиқболи учун муҳим саналади. Зеро, фойдали мақсадларда киритилган сармоя нафақат тадбиркорлар фаолияти равнақига, балки, туман иқтисодий салоҳиятининг ортишига хизмат қилади.
Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳрида янги инвестиция лойиҳалари сони кун сайин кўпайиб бормоқда. Шу каби лойиҳалардан бири "SHI GUO" МЧЖ хорижий корхонаси бўлиб, меҳмонхона, савдо ва саноат мажмуаси қуриш фаолияти бўйича иш олиб бориши кутилмоқда. Мазкур лойиҳа ҳудуддаги «ZHENG FANG INVESTMENT» МЧЖ ташаббуси билан тўғридан- тўғри хорижий инвестициялар киритилиши ҳисобига ишга туширилиши режалаштирилган. Лойиҳанинг умумий қиймати 112,8 млрд. сўмни ташкил этиб, икки босқични ўз ичига олади.

"Ушбу янги лойиҳанинг афзалликлари шундаки, унда энг аввало аҳолининг сифатли уй-жойларга бўлган эҳтиёжини қоплаш билан бир қаторда янги иш ўринлари ташкил этилади, — дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари Жамшид Абдусаломов. — Шу билан бирга жаҳон андозаларига мос, замонавий архитектура талабларига тўлиқ жавоб берадиган кўркам бинолар, хонадонлар бунёд этилиши ҳудуд инфратузилмаси ва қиёфасининг буткул янгиланишига асос бўлиб, ундаги истиқомат қиладиган аҳолига қатор қулайликлар яратади".
Тошкент вилояти Инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси ахборот хизмат томонидан маълум қилинишича, мазкур янги мажмуага 200 млн. сўмлик сармоя киритиш ҳисобига шаҳар аҳолисининг мароқли дам олишини таъминлаш мақсадида замонавий IT-парк қурилиши ҳам кўзда тутилган. Келгусида ушбу дам олиш масканига ташриф буюрганлар ҳордиқ олиш билан бирга унинг хушманзара, сўлим табиатидан баҳра олиш имкониятига ҳам эга бўлишади.
Шунингдек, лойиҳанинг иккинчи босқичида шаҳардаги эски бозор ҳудудида қўшимча 7 та 16 қаватли ҳамда 1та 25 қаватли замонавий уй-жойлар барпо этилиб, фойдаланишга топширилади. Ушбу йўналишга дастлабки ҳисоб-китоблар бўйича 10,0 млн. АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилиниши режалаштирилган.

Лойиҳага кўра, Янгийўл шаҳридаги эски пойабзал ишлаб чиқариш корхонаси тасарруфидаги умумий қиймати 6,5 млн. АҚШ долларини ташкил этувчи 5 та корпусни қайтадан реконструкция қилиш ҳамда 1 та янги бино қурилиши белгиланган бўлиб, бугунги кунда бу борада самарали ишлар олиб борилмоқда.
Мазкур қурилиш-реконструкция қилиш ишлари якунига етгач, ушбу ҳудуд бутунлай янгича қиёфа акс этади. Эндиликда унда замонавий ва кўркам бинолар, кўп қаватли квартиралар, меҳмонхоналар, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари қад ростлайди.
Лойиҳа тўла қувват билан ишга тушгач, унда 800 га яқин янги иш ўрни яратилади. Бугунги кунда мазкур ҳудудда қурилиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг