Янгиерда муаммолар кўплиги янгилик эмас

12:03 05 Февраль 2021 Жамият
1135 0

«Барака» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Янгиер қишлоғи Ғиждувон туманининг чекка масканларидан саналади.

Чекка қишлоқнинг эса одатда муаммолари кўп бўлади. Аммо янгиерликларнинг ташвишлари бошқаларникидан ошиб тушади, десак муболағага йўйманг.

30-Ғиждувон сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик Палатасига сайланган депутат Шуҳрат Бафоев Янгиер қишлоғида бўлиб, сайловчилар ҳамда маҳалла фаоллари билан учрашганида бу яққол кўзга ташланди.

Учрашув давомида халқ ноиби аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ўрганди.

Аниқланишича, қишлоқ аҳолиси пластик карта орқали савдо қилишда қийналяпти. Сабаби тадбиркор Дилшод Келдиев қарамоғидаги дўконда терминал ўрнатилмаган. Ўз навбатида тадбиркор ҳам асосли важ келтирди. Чандон уринмасин тегишли банкдан бир ойдан зиёд вақт мобайнида терминал ололмаётган экан. Депутатнинг аралашуви билан бу масала ҳал бўлди.

Қишлоқ фаоли Мардон Бозоровнинг билдиришича, ҳудуддаги 17 та симёғоч таъмирталаб, шунинг 4 таси абгор ҳолатга келиб қолган. Қолаверса, қишлоқни электр энергияси билан таъминлаб турган трансформатор туман «Сувоқава» бўлимининг ҳисобида. Уни туман электр тармоқлари бўлими ҳисобига ўтказиш мақсадга мувофиқ. Депутат шу жойнинг ўзида масъул ташкилот раҳбари билан боғланиб, муаммони қанча муддатда ҳал қилиш мумкинлигига ойдинлик киритди.

Учрашувда қишлоқда дорихонанинг йўқлиги, зарурат туғилганида 6-7 км узоқдаги қўшни аҳоли пунктига боришга тўғри келинаётганлиги айтилди. Шунингдек, сайловчилар тоза ва ташилиб келтирилувчи арзон ичимлик суви таъминотини, болаларнинг мактабга бориб келиши учун транспорт воситаси қатновини йўлга қўйиш масалалари билан депутатга юзландилар.

Ўз навбатида Шуҳрат Бафоев барча муаммоларнинг ҳал этилишини депутатлик назоратига олишини билдирди.

Юқоридагилардан кўринадики, Янгиер қишлоғидаги муаммолар бир кунда тўпланиб қолган эмас. Боз устига, уларнинг деярли барчаси туман даражасида ҳал бўладиган масалалардир. Шундай экан ҳақли савол туғилади: Ғиждувон туман мутасаддилари, сектор раҳбарлари, у ёки бу масалага дахлдор ташкилот масъуллари бу муаммолардан бехабар юришибдими?!

Истам ИБРОҲИМОВ,

«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер