Янгидан бунёд этилган Имом Бухорий мажмуасида илк ҳайит намози ўқилди

13:42 20 Март 2026 Жамият
187 0

Бугун эрта тонгда Самарқанд вилоятидаги 286 та жоме масжидда мўмин-мусулмонлари муборак Рамазон ҳайити намозини адо этдилар. Хусусан, куни кеча Президентимиз иштирокида расман очилган Имом Бухорий мажмуаси намозхонлар билан гавжум бўлди. Бу ерда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий, Шайх Нуриддин Холиқназар бошчилигида юртимизнинг барча вилоятларидан келган бош имом-хатиблар, уламолар, ҳайит намозини ушбу муқаддас масканда адо этиш ниятида бўлган юртдошларимиз йиғилдилар.

Улар бу муаззам масканда ҳайит намозини адо этдилар. Намоз олдидан бу йилги Рамазон ойи ўзгача шукуҳ билан ўтгани, меҳр-мурувват ва ҳамжиҳатлик ғоялари устувор бўлгани, ўтказилган саховат тадбирлари халқимиз ўртасидаги бирдамликни янада мустаҳкамлагани таъкидланди.

— Ҳурматли Президентимиз ташаббуслари билан улуғ муҳаддиснинг ислом оламидаги мавқеи ва нуфузига мос тарзда бунёд этилган мазкур муаззам обида барчамизга муборак бўлсин, — деди Шайх Нуриддин Холиқназар. — Мажмуа Рамазон ҳайитига нафақат халқимиз, балки бутун мусулмон уммати учун катта совға бўлгани, бу жой шунчаки зиёратгоҳ эмас, илм-маърифат, маънавият маскани сифатида халқимизнинг, айниқса, ёшларнинг билим ва дунёқарашини бойитиш, тафаккурини кенгайтиришга хизмат қилиши айтилди.

Ҳайит намозида Ватанимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ва юртимиз равнақи учун эзгу дуолар қилинди.

Рамазон ҳайити муносабати билан вилоят бўйлаб турли хайрия тадбирлари, эҳсонлар ва байрамона учрашувлар ташкил этилмоқда.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер