“Янгиариқ” дала ўқув майдонида навбатдаги йиғин ўтказилмоқда
Фото: “Халқ сўзи”
Хоразм вилоятида жойлашган “Янгиариқ” дала ўқув майдонида Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятининг маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда давлат ташкилотлари раҳбарлари иштирокидаги бир неча кунлик ҳарбий йиғин ўтказилмоқда. Йиғин давомида иштирокчилар жанговар тайёргарлик бўйича назарий ва амалий билимларини янада мустаҳкамлайдилар, мудофаа соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан яқиндан танишадилар.

— Бугунги кунда мамлакатимиз суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлаш, энг қимматли бойлигимиз — жамиятимиздаги тинчлик ва тотувликни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш нақадар муҳим аҳамиятга эга эканини барчамиз чуқур англаймиз, — дейди йиғин иштирокчиси Жаҳонгир Назаров. — Бугунги кунда дунёнинг турли минтақаларида юз бераётган нотинчликлар, қуролли тўқнашувлар ҳар бир суверен давлатдан мудофаа қобилиятини ошириш, ҳарбий салоҳиятини юксалтиришга эътиборни кучайтиришни тақозо этмоқда. Хавфсизликка таҳдидларга қарши самарали кураш олиб бориш, Қуролли Кучларимиз билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбар ходимлари иштирокида ўтказиладиган бундай йиғинлар муҳим аҳамият касб этади. Машғулотларни юқори савияда ўтказиш учун “Янгиариқ” дала ўқув майдонида барча шароитлар, имкониятлар етарли. Таъкидлаш керак, ушбу дала ўқув майдонида Ҳиндистон, Покистон, Қозоғистоннинг ҳарбий бўлинмалари билан халқаро ҳарбий йиғинлар муваффақиятли ўтказилган.

Йиғин арафасида “Янгиариқ” дала ўқув майдонида замонавий лойиҳа асосида барпо этилган, 250 ўринли Маънавият маркази биноси фойдаланишга топширилди. Ушбу марказ умумқўшин полигонида жанговар маҳоратини ошираётган ҳарбий хизматчиларнинг, шунингдек ҳарбий йиғинлар иштирокчиларининг маънавиятини юксалтириш, ижтимоий-сиёсий билимларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Одилбек Одамбоев, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг