Янги зиё маскани

18:22 16 Май 2018 Жамият
2333 0

Норин туманидаги Хаққулобод қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежида замонавий матбуот ва ахборот кутубхона маркази фойдаланишга топширилди.

Коллеж кутубхонаси мукаммал таъмирдан чиқарилиб, китобхонларга хизмат кўрсатишнинг илғор технологиялари жорий этилди. Хусусан, бу ерда саксон минг нусхадан ортиқ адабиётлар жамланди. Электрон адабиётлар тизими орқали фойдаланувчилар зарур йўналишдаги китобни ҳеч қийналмасдан топа олади. Катта ёшдагилар ва болалар учун мўлжалланган иккита ўқув зали, вақтли матбуот нашрлари бўлимида малакали мутахассислар хизмати йўлга қўйилди.

— Янги зиё масканидаги шарт-шароитларга, бири-биридан бежирим китобларга боқиб, бугунги ўғил-қизларга ҳавасим келди, — дейди муассасанинг тақдимот маросимида сўз олган меҳнат фахрийси Тўлашмирза Раҳмончаев. — Бизларнинг ёшлик палламизда керакли китобни топиш жуда қийин бўлган, топилганда ҳам навбат кутиб ўқиганмиз. Демоқчиманки, бугунги замон имкониятлар замони бўлди. Бундай шароитларнинг қадрига етишимиз, мутолаа фарзандларимизнинг доимий одатига айланмоғи лозим.

Айтиш жоизки, касб-ҳунар коллежи ўқувчиларидан ташқари худуддаги аҳоли барча қатламлари ҳам бемалол фойдалана оладиган марказ биносини таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларида Ўзбекистон Республикаси Матбуот ва ахборот агентлиги ҳамда Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши катта ёрдам кўрсатди. 

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
“Халқ сўзи” мухбири.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер