Янги замонавий газ ўлчаш ускунасининг афзаллиги нимада?

09:23 15 Май 2020 Жамият
1717 0

Андижон вилоятида замонавий газ ҳисоблаш ускуналарини ўрнатиш ишлари бошланди. Ускуналар билан дастлаб Андижон шаҳридаги “Ёйилма” ҳамда “Мустақилликнинг 20 йиллиги” МФЙ ўрамидаги кўп қаватли уйларда жойлашган 100 дан ортиқ хонадонлар таъминланди.

“Бугунги кунда “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ва унинг тизимидаги барча газ таъминоти идораларига қўйилаётган талаб, газ истеъмоли тизимида юқори тежамкорликка эришиш, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш каби муҳим масалалар соҳа ходимларининг асосий галдаги вазифаси ҳисобланади. Аҳоли учун яна бир қулайлик бу, мазкур ҳисоблагичларни ўрнатиб бериш мутлақо бепулдир,” — дейди “Ҳудудгаз Андижон” МЧЖ Бош директори Давронбек Салоҳитдинов.

Замонавий ҳисоблагичга сим-карта ўрнатилган бўлиб, у ишлатилган табиий газ ҳажми ҳақидаги маълумотларни онлайн режимда марказий серверга узатади. Шундан сўнг маълумот биллинг тизимига автоматик тарзда етказиб берилади. Бу ўз навбатида истеъмолчиларда тўлов маданиятини ошириш билан бир қаторда шаффофликни ҳам таъминлайди.

Ушбу ҳисоблагичларнинг яна бир қулайлиги шундаки, ишлатилган табиий газ учун қарздорлик пайдо бўлишига яқин қолганда ҳисоблагич пул тўлаш лозимлиги тўғрисида истеъмолчининг мобил телефонига автоматик тарзда хабар жўнатади ва ҳисоблагичда қарз юзага келиши билан инсон аралашувисиз газ бериш тўлов қилингунга қадар тўхтатилади. Қарздорлик туфайли газ бериш тўхтатилгач, қачонки қарздорлик тўлиқ тўлангандан сўнг, истеъмолчи уйидаги барча очиқ қолган газ кранларини беркитмагунча ҳисоблагич газни ўтказмайди. Бу тизим, турли хил кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олиш билан бир қаторда, инсон саломатлиги ва хавфсизлиги каби олий неъматларнинг дахлсизлигини кафолатлайди. Бир сўз билан айтганда, бундан буён фойдаланилган газ учун тўловда муаммолар юзага келмайди.

“Истеъмолчиларга қулайлик яратиш ва карантин қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда ҳужжат ва шартнома билан боғлиқ ишларни кўп қаватли уйлар олдида ташкил этдик. Ижтимоий масофани сақлаган ҳолда зарур ҳужжатларни шу ернинг ўзида расмийлаштирмоқдамиз. Барча чилангар ва ходимлар махсус тиббий ҳимоя воситалари ҳамда антисептик воситалар билан таъминланганлар,” — дейди “Андижоншаҳаргаз” филиали раҳбари Хуршидбек Қодиров.

Жорий йилда Андижон вилоятида ана шундай замонавий ҳисоблагичлардан 64 минг дона ўрнатилиши режалаштирилган. Бу каби ҳисоблагичлар келгусида жами 221 мингга яқин истеъмолчиларга бепул ўрнатиб берилади.

Акмалжон ХОЛИҚОВ,

“Ҳудудгаз Андижон” МЧЖ матбуот хизмати раҳбари.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер