Янги уйлар эгаларига топширилди
Фото: “Халқ сўзи”
Хоразм вилоятининг Қўшкўпир, Янгиариқ ва Тупроққалъа туманларида барпо этилаётган “Янги Ўзбекистон” массивларида 160 та хонадонга мўлжалланган янги уйлар ўз эгаларига топширилди.
Қўшкўпир туманидаги Ёвғир маҳалласида 33 гектар майдонда бунёд этилаётган “Янги Ўзбекистон” массиви аҳоли учун муносиб турмуш шароитига эга замонавий шаҳарчага айланди. Лойиҳа бўйича бу ерда кўп қаватли турар жой бинолари билан бир қаторда ижтимоий инфратузилма объектлари, яшил майдонлар барпо этилади. Шу кунгача массивда 11 та кўп қаватли турар жой қуриб фойдаланишга топширилган эди. Яқинда яна 40 та хонадон калитлари ўз эгаларига топширилди. Йил охиригача ушбу массивда 18 та кўп қаватли уй-жой барпо этилади.
— “Ўз уйинг, ўлан тўшагинг” деган иборанинг маъносини мен каби қийналиб яшаганлар жуда яхши англайди, — дейди қўшкўпирлик Иқболой Юнусова. — Уй-жойга муҳтож аёллар тоифаси бўйича “Аёллар дафтари”да рўйхатда турар эдим. “Янги Ўзбекистон” массивида қурилган кўп қаватли турар жойдан 3 хонали уй бизга ҳам насиб этди. Янги уй оиламизга янги орзу-умидлар ва бахт олиб кирди.
Янгиариқ туманининг Дўстлик маҳалласи ҳудудида барпо этилаётган “Янги Ўзбекистон” массивида эса 37 та кўп қаватли турар жой қурилиши режалаштирилган бўлиб, шундан 15 таси жорий йилда қуриб фойдаланишга топширилади. Ушбу ҳудуддаги 60 та оила янги уйда ҳовли тўйларини нишонлаш бахтига муяссар бўлдилар.
Янги 3 та кўп қаватли уйнинг фойдаланишга топширилиши муносабати билан ўтказилган тантанали тадбирда Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Раҳимов, нуроний отахон ва онахонлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар. Мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва уларни уй-жой билан таъминлаш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар ижроси доирасида 5 нафар аёлга ижтимоий уйлар калитлари топширилиб, ҳар бирига музлатгич совға қилинди, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож бир неча фуқаро субсидия асосида янги уй соҳиби бўлдилар.
Тупроққалъа туманидаги Обод маҳалласи ҳудудида барпо этилаётган “Янги Ўзбекистон” массиви 20 гектар майдонни эгаллаган бўлиб, бугунгача 280 хонадонли 12 та кўп қаватли уй қуриб битказилган эди. Эндиликда 3 та янги уйда жойлашган 60 та хонадон ўз эгаларига топширилди. Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда сўзга чиққанлар аҳолининг уй-жой таъминотини яхшилаш, мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш борасида олиб борилаётган эзгу ишларнинг яна бир амалий ифодаси эканини таъкидладилар.
Айтиш жоиз, жорий йил якунигача ушбу массивда яна 140 оилага мўлжалланган 7 та кўп қаватли турар жойлар қуриб фойдаланишга топширилади. Шунингдек, 360 ўринли мактабгача таълим ташкилоти, 4 та тадбиркорлик субъекти ва 50 ўринга мўлжалланган оилавий поликлиника ҳудуд аҳолисига хизмат қилади.
Одилбек ОДАМБОЕВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг