Янги таҳрирдаги Конституцияда адвокатуранинг ўрни

07:03 12 Май 2023 Жамият
1992 0

Адвокатура зиммасига жисмоний ва юридик шахсларга малакала юридик ёрдам кўрсатиш, шахснинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдек мухим конституциявий вазифа юклатилган.

Бугунги кунда Республикамизда 5000 га яқин адвокатлар фаолият кўрсатаётган бўлиб, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим мақсади одил судловни амалга оширишда адвокатуранинг ўрнини мустаҳкамлашдан иборат.

Суд жараёнларида ҳимоя ва айблов тарафининг тенглигини таъминлаш одил судловнинг муҳим шартларидан биридир. Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Конституциясида суд процессининг айблов тарафи ҳисобланган прокуратура институтига оид қоидалар алоҳида бобда батафсил берилган, бироқ, адвокатурага оид қоидалар Конституциянинг 116-модданинг таркибида бир жумла сифатида келтириб ўтилган эди.

Янги таҳрирдаги Конституцияда эса адвокатуранинг мақоми янада мустаҳкамланиб, “Адвокатура” номли алоҳида 24-боб билан тўлдирилди.

Адвокатура соҳасининг прокуратура сингари Конституцияда алоҳида бобда берилиши уларнинг Конституциявий мақомини, соҳанинг жозибадорлигини оширишга хизмат қилади.

Шу ўринда янги таҳрирдаги Конституцияда белгиланган адвокатурага оид қоидаларни таҳлил қиладиган бўлсак, лойиҳанинг 141-моддасида мувофиқ, жисмоний ва юридик шахсларга малакали юридик ёрдам кўрсатиш учун адвокатура фаолият кўрсатади.

Адвокатура фаолияти қонунийлик, мустақиллик ва ўзини ўзи бошқариш принципларига асосланади.

Адвокатурани ташкил этиш ва унинг фаолияти тартиби қонун билан белгиланади.

Ушбу моддада адвокатуранинг фаолияти қонунийлик, мустақиллик ва ўзини ўзи бошқариш тамойилларига асосланиши Конституция даражасида мутаҳкамланмоқда.

Бунда, адвокатура фаолиятининг қонунийлиги деганда адвокатлик фаолияти фақат қонунга қатъий риоя қилган ҳолда амалга оширилиши тушунилади.

Ўзбекистон Республикаси “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги Қонунининг 5-моддасига асосан, адвокатнинг мустақиллиги:

унга қонунда белгиланган тартибда адвокатлик фаолиятини амалга ошириш учун ижозат бериш, бу фаолиятни тўхтатиб туриш ва тугатиш;

адвокатнинг дахлсизлиги;

адвокатлик сирини ошкор этишни талаб қилишни ман этиш;

адвокат олиб бораётган ишларга аралашганлик ёхуд адвокатнинг дахлсизлигини бузганлик учун жавобгарлик;

давлат томонидан унга адвокатлик фаолияти кафолатлари берилиши ҳамда ижтимоий ҳимояланиши орқали таъминланади.

Адвокатуранинг ўзини ўзи бошқариш деганда Ўзбекистонда хусусий адвокатлик фаолияти билан шуғулланувчи адвокатлар ўз фаолиятини нодавлат касбий бирлашма орқали бошқариши, уларнинг бошқарувига оид масалаларга давлатнинг аралашувига йўл қўйилмаслиги тушунилади.

Бугунги кунда Адвокатлар палатаси ўзининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида тузиладиган ҳудудий бошқармалари билан биргаликда адвокатуранинг ягона ўзини ўзи бошқариш тизимини ташкил этади.

Янги таҳрирдаги Конституциянинг 142-моддасига асосан, адвокат ўз касбий вазифаларини амалга ошираётганда унинг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди.

Адвокатга ўз ҳимоясидаги шахс билан тўсиқларсиз ва холи учрашиш, маслаҳатлар бериш учун шарт-шароитлар таъминланади.

Адвокат, унинг шаъни, қадр-қиммати ва касбий фаолияти давлат ҳимоясида бўлади ва қонун билан муҳофаза қилинади.

Адвокатнинг касбий фаолиятига аралашишга йўл қўйилмаслиги конституциявий даражада мустаҳкамланиши кучли адвокатура тизимини яратишнинг асосий омили бўлиб хизмат қилади. Ушбу қоида “ҳеч бир идора адвокатларнинг фаолиятига тўсқинлик қилмаслиги шарт” деган ғоянинг конституциявий ифодасидир. Ушбу норма суд процессида адвокат прокурор билан тенгма-тенг мунозарага киришишини таъминлайди, иш бўйича далилларни тўплаш ва тақдим этиш фаолиятига аралашмаслик натижасида адвокатуранинг ҳуқуқий ҳолати мустаҳкамланади.

Адвокатлик фаолиятидаги эркинлик ва ҳар қандай тўсиқларни бартараф этиш, нафақат адвокатнинг ишини енгиллаштиради, балки адвокат ҳимоя қилаётган шахснинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини янада таъминлайди.

Бугунги кунда Конституцияга киритилган кўплаб ўзгаришлар қаторида ушбу янгилик мамлакатимиз адвокатлар ҳамжамиятини қувонтирганлигини эътироф этиш лозим. Чунки, адвокатура ва адвокатлик фаолиятининг ҳуқуқий мақоми Конституциямизнинг алохида бобида белиланаётганлиги адвокатларнинг жамиятдаги мавқеини юқори даражада кўтарилаётганлигини англатади.

Шу билан бирга, янги таҳрирдаги Конституция адвокат, унинг шаъни, қадр-қиммати ва касбий фаолияти давлат ҳимоя қилишини, одил судловни таъминловчи муҳим шахс сифатида адвокатлар мақомини олий юридик кучга эга ҳужжат Конституция даражасида мустаҳкамлади.

Ёқутхон Юсупова,

Адлия вазирлиги Нотариат, адвокатура ва ҳуқуқий хизматлар бошқармаси

бош маслаҳатчиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер