Янги савдо мажмуаси фойдаланишга топширилди

14:38 27 Август 2024 Жамият
244 0

Саид ДОНИШEВ/«Халқ сўзи». Сўнгги йилларда аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга хизмат қиладиган инфратузилмалар яратилмоқда. Жиззах вилоятининг Арнасой тумани ҳам бу ўзгаришлардан четда қолаётгани йўқ. Ҳудудда юқори сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ҳажми ошиб бормоқда. Етиштирилган маҳсулотларни аҳолига тез ва сифатли етказиб бериш ҳар қачон долзарб масала бўлиб келган. Бу жараёнда эса аҳоли турмуш тарзининг бир бўлагига айланиб улгурган бозорларнинг аҳамияти катта.

Арнасой туманининг «Чўлқувар» МФЙ ҳудудида мазкур туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда BMB HOLDING томонидан замонавий савдо мажмуаси қурилиб, фойдаланишга топширилди. Мажмуа ҳам улгуржи, ҳам чакана савдо қилишга ихтисослашган бўлиб, юздан ортиқ савдо расталарини ўзида жамлаган. Тадбиркорлар ва маҳаллий аҳоли эндиликда турли хилдаги қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечаклар ҳамда хўжалик моллари савдосини улгуржи ҳамда чакана нархларда амалга оширишлари мумкин.

Таъкидлаш жоизки, BMB HOLDING раҳбарияти Президентимизнинг тадбиркорлар халққа мададкор бўлиши кераклиги ҳақидаги ташаббусларини компания ташкил топган кундан бошлаб қўллаб-қувватлаб уни амалда ҳам кўрсатиб келмоқда. Хусусан, кўплаб чекка-чекка ҳудудларнинг инфратузилмасини яхшилашга, қишлоқ йўлларини замон талабларига мослаштиришга ҳамда интенсив деҳқончиликни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшилди, электр ва сув тармоқлари тортилди.

Бу гал туман марказидан узоқда истиқомат қиладиган, савдо марказига эҳтиёжи бор Арнасой халқига юртимиз мустақиллигининг 33 йиллиги арафасида туҳфа сифатида ушбу мажмуа фойдаланишга топширилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер