Янги қувватлар ишга туширилди

16:33 24 Март 2020 Жамият
1115 0

Мамлакатимиз энергетика тармоғининг ажралмас бўғини ҳисобланган гидроэнергетика соҳасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Гидроэнергетика соҳасининг бош ташкилоти ҳисобланган “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти томонидан сўнгги йилларда инвестициявий лойиҳалар асосида янги гидроэлектростанцияларни қуриш, мавжудларини замон талаблари асосида модернизация қилиш ишлари юқори суръатларда олиб борилмоқда.

“Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан электр энергияси ишлаб чиқариш ва реализация қилиш, самарали лойиҳалар асосидаги инвестиция маблағларини ўзлаштириш, янги гидротехник объектларни эксплуатацияга топшириш, узоқ йиллар мобайнида ишлаб келаётган ГЭСларни модернизация қилиш, ишлаб чиқаришдаги маҳаллийлаштириш жараёнларини кенгайтириш борасидаги ишлар қизғин равишда амалга оширилмоқда.

“Ўзбекгидроэнерго” АЖ мамлакатимизнинг табиий сув ресурсларидан самарали фойдаланиб, аҳолини қайта тикланадиган, экологик тоза ва арзон электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш жараёнига муносиб улуш қўшиб келмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 январдаги ПҚ-3463-сонли Қарори асосида Хитойнинг “Power Construction Corporation of Cina Ltd” корхонаси томонидан пойтахтдан унча узоқ бўлмаган Зангиота туманида оқиб ўтувчи Бўзсув каналида жойлашган ГЭС-14 нинг модернизация ишлари олиб борилди.

Маълумки, ушбу ГЭС-14 узоқ 1940 йилда ҳашар йўли билан барпо этилган. ГЭСнинг умумий қуввати 13,2 МВт га эга эди. ГЭСда 2 та гидроагрегат ўрнатилган бўлиб, узоқ йиллар мобайнидаги эксплуатация натижасида жисмонан ва маънан эскирган ҳолатда белгиланган қувватларда ўз фаолиятини давом эттира олмас эди.

Белгиланган режага кўра, модернизация якуни бўйича – 2020 йил март ойида ГЭС-14 да ҳар бирининг қуввати 7,5 МВт бўлган иккита агрегат ўрнатилади ҳамда ГЭСнинг умумий қуввати 15 МВт га етказилади. Ушбу гидроагрегатлар электр энергияни сув кам бўлган даврда ҳам ишлаб чиқариш имконига эга бўлади.

Жамият тизимидаги “Қуйи Бўзсув ГЭСлар каскади” таркибидаги ГЭС-14 да олиб борилган жадал модернизация ишлари натижасида ГЭСдаги иккинчи гидроагрегат тўлиқ таъмирдан чиқарилди. Гидроагрегат комплекс синовлардан ўтказилиб, ишга туширилди.

Таъкидлаш жоизки, ушбу ГЭС-14 нинг тўлиқ қувватларда ишга туширилиши мамлакат иқтисодиёти, саноат корхоналари ривожи, халқ фаровонлиги йўлидаги муҳим ютуқлардандир.

Алоҳида қайд этиш жоизки, ГЭС-14 модернизацияси жараёнларида туну-кун тартибидаги иш жараёнлари ташкил этилган бўлиб, ишчи-ходимлар томонидан изчил ва самарали фаолият олиб борилмоқда. Соҳа мутахассисларининг жонкуярлиги ҳамда машаққатли меҳнатлари натижасида юртимизнинг гидроэнергетика салоҳияти янада юксалмоқда.

Гидроэнергетика соҳасининг тараққиёти мамлакатимизда электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларини ошириш билан бирга, янги ГЭСлар қурилаётган, модернизация қилинаётган гидротехник иншоотлар ҳудуди аҳолисининг турмуш фаровонлигини ошишига, ишлаб чиқариш субъектларининг электр қувватлари билан таъминланишига, том маънода, ҳудуд ободлигига замин яратади.

“Ўзбекгидроэнерго” АЖ
Ахборот хизмати

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер