Янги қонун ўта оғир жиноят содир этмаган вояга етмаган шахслар ҳаётини қайтадан бошлашга имконият беради

17:27 25 Сентябр 2023 Сиёсат
438 0

Жорий йилнинг 25 сентябрь куни Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлиси олдидан Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди.

Унда сенаторлар, вазирлик ва идоралар масъуллари, экспертлар, шунингдек, ҳудудлардан маҳаллий кенгашлар депутатлари ҳамда Ёшлар парламенти аъзолари иштирок этди.

Мажлисда «Вояга етмаганларга нисбатан жиноий жавобгарлик янада либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги Қонун муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда юртимизда болаларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини давлат томонидан кафолатлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.

Мазкур қонун «2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили»да амалга оширишга доир Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.

Қонун билан ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар содир этган ўта оғир бўлмаган жинояти учун жазони ўтаб бўлган шахс судланмаган деб ҳисобланиши белгиланмоқда.

Шунингдек, қонунда вояга етмаганларга нисбатан озодликни чеклашнинг ҳамда озодликдан маҳрум қилишнинг энг кам муддати олти ойдан бир ойгача қисқартирилиши назарда тутилмоқда.

Ушбу Қонун вояга етмаганларнинг жиноий жавобгарлигини янада либераллаштиришга хизмат қилади ва ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар содир этган жинояти учун жазони ўтаб бўлган шахсга ҳаётини судланганлик тамғасидан холи тарзда давом эттириши учун шароит яратади.

Шу ўринда статистик рақамларга мурожаат қилсак, мамлакатимизда 2021 йилда 1472 нафар вояга етмаган шахс судланган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 2116 нафарга етган. Ўтган 2022 йилда  ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар 389 та, унча оғир бўлмаган жиноятлар сони эса 510 тани ташкил қилган.

Ушбу Қонуннинг маъқулланиши юзлаб ёшларга ҳаётини қайтадан бошлаш, жамиятда ўз ўрнини топиш, оиласига, маҳалласига, жамиятга фойда келтирадиган инсон бўлиб камолга етишига имкон беради.

Мажлис кун тартибидаги масалалар юзасидан Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер