Янги Ўзбекистоннинг янги касаба уюшмалари
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерация томонидан «Янги Ўзбекистон — янги касаба уюшмалари: Федерациянинг 2016 — 2020 йиллардаги фаолияти ва миллий тараққиётнинг замонавий босқичида касаба уюшмаларининг устувор вазифалари» мавзуида матбуот конференцияси бўлиб ўтди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг VIII қурултойи олдидан ўтказилган мазкур тадбирда журналистларга мавзу бўйича батафсил маълумот берилди. Хусусан, охирги 4 йилда Президентимиз бошчилигида барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар, шунингдек, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлар замирида, энг аввало, халқимиз турмуш даражасини ошириш, одамлар эртага эмас, айнан бугун яхши яшашини таъминлаш каби эзгу амаллар мужассамлиги қайд этилди.
Юртимизда олиб борилаётган бу саъй-ҳаракатларга касаба уюшмалари ҳам камарбаста бўлмоқда. Буни жамоат тузилмасининг охирги 5 йилликдаги фаолияти мисолида ҳам кузатиш мумкин. Аввало, унинг меҳнаткашлар ҳуқуқ ва манфаатларини кафолатлайдиган қонунчилик асосини замон талабларидан келиб чиққан ҳолда, такомиллаштиришга йўналтирилган фаолиятига эътибор бериш ўринлидир. Ана шу мақсадда Федерация томонидан 2 мингдан зиёд норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари кўриб чиқилиб, тегишли тавсия ва таклифлар берилди. Қолаверса, 2019 йили Қонунчилик палатаси депутатлари иштирокида «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва ўша йилнинг 6 декабрида Президентимиз томонидан имзоланди. Ҳозирги пайтда мазкур Қонун соҳадаги муносабатларни тартибга солиш ва ишчи-ходимларнинг манфаатларини ҳимоялашда дастуриламал бўлиб хизмат қиляпти.
Йиғлишда қайд этилганидек, Ҳукумат, Касаба уюшмалари Федерацияси ва Ўзбекистон иш берувчилар конфедерацияси ўртасида ҳар уч йилда бир марта имзоланадиган Бош келишув ҳам ишчи-ходимларнинг манфаатларини ҳимоялашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари ва Савдо-саноат палатаси ўртасида ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича 2017 — 2019 йиллар учун имзоланган Бош келишув қатор масалаларга ечим топиш имконини берди. Яқин йилларга, яъни 2020 — 2022 йилларга мўлжалланган Бош келишувда эса иқтисодиётни, маҳаллий ишлаб чиқариш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш бўйича келишилган чора-тадбирлар қабул қилиш, меҳнаткашларнинг реал иш ҳақи ва даромадларини ошириш, ялпи ички маҳсулот таркибида меҳнатга ҳақи улушини 30 фоиздан кам бўлмаган миқдорда сақлаб қолиш, истеъмол секторида инфляция даражасини 10 фоиздан пастга тушириш бўйича биргаликда чоралар кўриш, меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси тизимини жорий этиш, иш ўринларида меҳнат шароитини яхшилаш вазифалари киритилган бўлиб, бу ҳам соҳадаги ишларнинг самарадорлигига замин яратади.
Бош келишувдан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида 14 та ҳудудий, республика миқёсида 107 келишув ҳамда корхона, ташкилот ва муассасаларда 111,5 минг жамоа шартномалари мавжудлигини инобатга олсак, меҳнаткашлар манфаатига борасидаги ишлар кўлами ва самараси нечоғли бўлишини тасаввур этиш қийин эмас.
Матбуот конференциясида жамоа шартномаси тадбирларини бажариш учун республика бўйича ўрта ҳисобда бир ходимга йил давомида сарфланган маблағ 2016 йилда бир миллион 539 минг сўмни ташкил этгани, бу кўрсаткич 2019 йил якунида 5 миллион 100 минг сўмга етгани алоҳида айтиб ўтилди.
Эътиборлиси, жамоа шартномалари мазмуни юртимизда кечаётган изчил ислоҳотлар, мамлакатни модернизация қилиш жараёнига мутаносиб равишда бойитиб борилаётир. Фахрийлар, ногиронлиги бўлган шахслар ва кўп болали оналарга, 3 ёшгача фарзандлари бўлган оналарга моддий ёрдам кўрсатиш ва соғломлаштириш, болали аёлларнинг иш вақтини қисқартириш, кам таъминланган оилалар фарзандларига ўқув қуроллари харид қилиш, бахтсиз ҳодисалар билан боғлиқ бир марталик нафақалар миқдорини ошириш шулар жумласидандир.
Тадбирда касаба уюшмаларининг иқтисодий-ижтимоий ривожланиш дастурларини амалга ошириш, гуманитар муаммоларни ҳал этиш, мамлакат аҳолиси турли қатламлари ижтимоий манфаатларини ҳимоялаш, бандлигини таъминлашда давлат органлари билан ижтимоий шериклиги фаоллашганига ҳам урғу берилди. Мисол сифатида 2017 йилда жамоат ташкилотлари кўмагида Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Бухоро, Жиззах, Навоий, Самарқанд, Сирдарё ва Хоразм вилоятларидаги 2 миллион 160 мингдан ортиқ хонадонга борилиб, уларда 650 мингга яқин муаммо мавжудлиги ўрганилди. Муҳими, уларнинг ечими бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.
Ўз навбатида, Ўзбекистонда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатни бартараф этиш борасида эришилган натижаларда ҳам касаба уюшмаларининг салмоқли улуши борлиги таъкидланди.
— Ёшлар билан ишлаш фаолиятимиздаги муҳим йўналишлардан яна бири ҳисобланади, — дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раисининг ўринбосари Бахтиёр Махмадалиев. — Бу борада янгича тизим жорий қилинди. Шу мақсадда касаба уюшмалари Федерациясининг «Ёшлар бирлашмаси» тузилди. Фарзандларимизнинг ҳар томонлама етук кадрлар бўлиб камол топишга бўлган интилишини қўллаб-қувватлаш, иқтидорли ёш мутахассисларни аниқлаш, касбий маҳорати ва билимини ошириш мақсадида ҳар 2 йилда «Ёш мутахассислар» форумини ҳамда унинг доирасида турли танловларни ўтказиб келяпмиз. Умуман, бу борада олиб борилаётган ишлар кўлами жуда кенг.
Конференцияда, шунингдек, касаба уюшмалари фаолиятига кирадиган бошқа йўналишларда охирги 5 йилда амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқ ва натижалар ҳамда истиқболдаги вазифалар хусусида атрофлича сўз юритилди.
Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг