Янги Ўзбекистоннинг иқтисодий таянчи

21:53 23 Декабрь 2020 Иқтисодиёт
1366 0

Халқимизни янги марралар, улкан муваффақиятлар сари илҳомлантираётган, қалбида жонажон юртга муҳаббат туйғуларини оловлантираётган бир мужда бор. Бу — эркинлик, иқтисодий барқарорлик ва мамлакат истиқболига, келажагига ишончнинг устуворлигидир.

Бу ишонч халқимиз кўз ўнгида шиддатли ва тезкор даврда кечаётган ҳаётбахш ислоҳотлар тимсолида яққол намоён бўлмоқда. Мамлакатимизда ёнилғи-энергетика ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга хизмат қиладиган қулай сармоявий муҳит яратиш орқали табиий бойликларни қазиб олиш ҳажмини ошириш, газдан ажратиб олинаётган маҳсулотлар турини кўпайтиришга катта эътибор қаратилаётгани ҳам иқтисодий имкониятларимизни янада кенгайтирмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил бошида Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасини бир эслаб кўрайлик. Унда иқтисодиётнинг муҳим тармоқлари, шу жумладан, кимё, нефть-газ, энергетика, электротехника, қурилиш материаллари, заргарлик саноатини хомашё билан таъминлаш учун, аввало, геология-қидирув соҳасини тубдан ривожлантириш лозимлиги, шуни ҳисобга олиб, жорий йилда истиқболли конларни аниқлаш ва мавжуд захираларни кўпайтириш учун бюджетдан 2 триллион сўм маблағ ажратилиши белгиланган эди.

Модернизациядан сўнг...

Мамлакатимиз нефть-газ саноатида етакчи корхоналардан бири — Шўртан нефть-газ қазиб чиқариш бошқармасида ҳам ўтаётган йилда жуда катта ҳажмда модернизация ишлари бажарилди. Мавжуд учта пропан-бутан аралашмасини олиш қурилмасини модернизация қилиш инвестиция лойиҳаси бўйича қурилиш-монтаж ишлари якунланиб, ишга туширилди.

— Тўрт мингдан ортиқ ишчи-ходим, етакчи мутахассислар сидқидилдан меҳнат қилаётган корхонамизда «Ўзбекнефтгаз» АЖ раҳбарияти ёрдами ҳамда турдош корхоналар билан ҳамкорликда ушбу лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилди,— дейди бошқарма бош муҳандиси Сарвар Раҳимов. — Лойиҳанинг умумий қиймати 49 миллион АҚШ доллари бўлиб, бунда йилига қўшимча 61 минг тоннагача пропан-бутан аралашмаси олишга эришамиз. Бу билан биз аҳоли эҳтиёжи ҳамда бошқа соҳаларни пропан-бутан аралашмаси билан таъминлаш даражасини янада оширамиз. Ушбу лойиҳа доирасида 10 дан ортиқ чет давлатлар компаниялари билан ҳамда 30 дан ортиқ маҳаллий корхоналар билан шартнома имзоланган. Ҳозирги кунгача 1-2-5 навбатларимизда қурилиш-монтаж ишлари олиб борилди ва ишга туширилди. Бундан ташқари, лойиҳа доирасида газни ҳайдаш цехимизда 8 та агрегат алмаштирилди ҳамда 10- газни ҳайдаш агрегати монтаж қилиниб, ишга туширилди.

Хўш, булар корхона қуввати ва иш ҳажмини оширдими?

Корхона бир йил давомида 9 миллиард метр куб газ қазиб олишга муваффақ бўляпти. Шундан 209 минг тонна пропан-бутан аралашмаси ажратиб олинади. Табиий газдан пропан-бутан, олтингугурт ва конденсатни ажратиб олганимиздан сўнг тозаланган газни сиқув компрессорлари орқали «Ўзтрансгаз»га етказиб берамиз. Шуртангазкимё мажмуасига кунига 12 миллион метр куб газ етказиб беряпмиз.Корхонамизнинг асосий иш фаолияти бу углеводородларни қазиб олиш ва қайта ишлаш ҳисобланади. Бошқа корхоналардан фарқи шундаки, ҳам қазиб оламиз, ҳам қайта ишлаймиз. Қолаверса, мутахассислар ҳозирги кунда маҳсулотлар турини кўпайтириш устида изланишлар олиб боришмоқда.

Диспетчерлик хизмати — корхонанинг юраги

Корхонанинг бутун иши — табиий газни қазиб олишу қайта ишлаш, истеъмолчиларга жўнатишгача бўлган барча жараён диспетчерлик хизмати томонидан бошқариб турилади. Бу масъулиятли вазифани астойдил адо этаётган диспетчерлик хизмати раҳбари Шуҳрат Эшдавлатов фикрлари билан қизиқдик.

— Бизда ҳаммаси бўлиб 244 та қудуқдан газ қазиб олиняпти,— дейди у. — Қазиб олинаётган газ босими пастроқ бўлганлиги учун сиқув компрессор станцияларимиз ишлаб турибди. Бу станциялар орқали қудуқдан келаётган газ босими кўтарилиб бош иншоотга юборилади. Газ таркибида келаётган намлик, механик аралашмалар паст ҳароратли ажратиш қурилмаларида ажратиб олинади. Бир кеча-кундузда 24 миллион 700 минг метр куб газ қазиб оляпмиз. Бир йил давомида бу кўрсаткич 9 миллиард метр кубни ташкил этмоқда. Эътиборли жиҳати шундаки, бу жараёнлар ишлаб чиқариш диспетчерлик хизмати томонидан туну кун назорат қилиб борилади. Бунинг учун бизда 167 та кузатув камералари, масофадан туриб объектда ҳаракатланаётган автомобиль ва бошқа техникаларни харита бўйича кузатиш имконияти ҳам яратиб берилган.

«Зангори олов» доим порлаб турсин

Бу ерда газ қазиб олинаётган қудуқларни ўз вақтида таъмирлашга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. 322 қудуқда амалга оширилаётган иш жараёни билан танишдик.

— Мақсадимиз қудуқнинг сунъий тубини чуқурлаштириш ва газ маҳсулоти унумдорлигини оширишдан иборат,— дейди таъмирлаш ускуналари омилкори Азамат Хўжаёров. — Ҳозирги кунда қудуқ тубини тўлиқ ювдик. Энди бурғулаш ишларини олиб борамиз. Бу қудуқлар илгари ишлаган, лекин сувланиб қолган эди. Биз, асосан, сув йўлларини ёпиб, чуқурлаштиряпмиз. Жорий йилда 4 та қудуқни таъмирлаб топширамиз. 3 та қудуқ тўлиқ маҳсулот берди. Мақсадимиз газ босими ҳеч қачон пасаймасин, хонадонларимизда зангори олов доим порлаб турсин.

Шуртан-380 бурғулаш масканида газ қазиб олиш ишлари қизғин олиб бориляпти. Маҳсулдор қатлам бурғуланяпти. Иш 3 сменада ташкил этилган.

— Ҳозир биз бурғулаб турган ер қаъри маҳсулдор қатлам бўлиб, 2850 метрда иш олиб боряпмиз,— дейди бурғулаш устаси Артур Худойберодиев.— Кўплаб табиий қатламлардан ўтиб, маҳсулдор қатламга етиб келдик. Насиб бўлса, газ захираси мавжуд қатламни топамиз ва яқин кунларда табиий бойлигимиздан баҳраман бўла бошлаймиз. Ҳар сменада 8 киши ишлайди, ҳар саккиз соатда алмашиб турамиз. Газ отилиб чиққан пайтдаги қувончни сўз билан ифодалаш қийин. Элга, юртга нафим тегаётганидан, шундай улкан табиий захиралари бор юрт фарзанди эканимдан ғурурланаман.

2021 йилга қадам қўйиш арафасидамиз. Ўтаётган йил эса пандемия туфайли бардошимизни, куч-қудратимизни синовдан ўтказди. Эътиборлиси, Шўртан нефть-газ қазиб чиқариш бошқармаси бу мураккаб даврда ҳам фаолияти давом эттирди. Газ қазиб олиш, узатиш ва қайта ишлаш жараёнлари бир маромда, тўла қувват билан ишлади. Бу, албатта, биз барпо қилаётган Янги Ўзбекистоннинг куч-қудрати, салоҳияти юксаклигидан,ёруғ истиқболимиз сари замон билан ҳамнафас қадам ташлаётганимиздан далолат бериб турибди.

Фахриддин БОЗОРОВ,

(«Халқ сўзи»).

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер