«Янги Ўзбекистон»массивидаги янги уйлар фойдаланишга топширилди

10:46 24 Март 2026 Жамият
339 0

Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорига кўра, бугунги кунда Самарқанд вилоятининг Ургут, Булунғур, Тойлоқ туманлари ва Самарқанд шаҳрида «Янги Ўзбекистон» массивлари ташкил этилмоқда.

Жумладан, Тойлоқ туманида «Янги Ўзбекистон» массиви учун Чароғбон маҳалласи ҳудудидан 27,4 гектар ер майдони танланиб, уч йилдан буён қурилиш-бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда.

«Қишлоққурилишлойиҳа» давлат унитар корхонаси томонидан ишлаб чиқилган бош режа асосида ҳудудда 4592 хонадонли 41 та кўп қаватли турар-жойлар қурилмоқда.

Наврўз байрами шукуҳи давом этаётган шу кунларда туман марказидаги «Янги Ўзбекистон» массивида 224 хонадондан иборат иккита кўп қаватли уй фойдаланишга топширилди. Айни пайтда яна 5 та уй фойдаланишга тайёр ҳолатга келтирилган. Яна 13 тасида қурилиш ишлари давом этмоқда.

Янги хонадонларни топшириш маросимида вилоят ва туман ҳокимлиги масъуллари, жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Тадбирда сўз олганлар юртимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ва унинг самараларини эътироф этишди.

«Янги Ўзбекистон» массиви нафақат турар жойлар, балки замонавий шаҳарча сифатида барпо этилмоқда. Бу ерда таълимдан тортиб соғлиқни сақлаш, маданиятдан то спорт ва дам олишгача бўлган барча имкониятлар мужассамлашади. Яъни массивда 2 та 300 ўринли давлат мактабгача таълим ташкилоти, 1650 ўринли иккита умумтаълим мактаби, 100 қатновга мўлжалланган оилавий поликлиника, бир қатор савдо ва хизмат кўрсатиш, кўнгилочар масканлар, болалар ва спорт майдончалари бунёд этилади. Бир сўз билан айтганда, бу ерда инсон учун барча қулайликлар яратилади.

Шунингдек, байрам муносабати билан туман марказидаги «Файзли маскан» турар жой мажмуаси ҳам фойдаланишга топширилди. Тантанали маросим давомида янги хонадон эгалари учун калитлар топширилиб, уларнинг қувончига қувонч қўшилди.

Мазкур янги турар жойлар ҳудуднинг меъморий қиёфасини янада чиройли ва замонавий кўринишга келтириб, аҳоли учун қулай ва фаровон яшаш шароитларини яратишга хизмат қилади. Байрам кунларида бундай эзгу ишларнинг амалга оширилаётгани эса Наврўзнинг янгиланиш ва бунёдкорлик ғоялари билан уйғунлашади.

Байрам кунлари шунингдек, туманнинг Боғичинор маҳалласида янги ўқув маркази ҳам фойдаланишга топширилди. Тадбирда маҳалла нуронийлари, фаоллар, жамоатчилик вакиллари ҳамда ёшлар қатнашиб, ҳудудда ёшлар таълими ва касб-ҳунар ўрганишига хизмат қиладиган ушбу масканнинг очилиши билан бир-бирларини табрикладилар.

Таълим жараёнини замонавий ташкил этиш, ёшларнинг билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган ушбу марказ келажакда маҳалладаги ёшлар учун муҳим билим масканига айланиши таъкидланди.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер