"Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!”

18:18 24 Декабрь 2020 Жамият
19833 0

Келгуси йилда мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллик юбилей байрамини катта тантана, шоду хуррамлик билан нишонлаймиз. Бу қутлуғ ва шонли айём халқимиз учун янги  тарихимиздаги энг улуғ санадир. Зеро, ушбу фурсат тарих учун қисқа давр бўлса-да, бунга осонлик билан эришилгани йўқ.

Бинобарин, мустақиллик ҳар бир юртдошимиз ҳаётига янгича мазмун, турмушига фаровонлик олиб кирди. Шу сабабдан истиқлол деган улуғ неъмат, аввало, халқимизга эркинлик ва озод ҳаётни, барчамизга ўзлигимизни англаш туйғусини берган, Ватанимиз тарихида ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайдиган буюк сана ҳисобланади.

Истиқлол йилларида эришилган ютуқ ва марралар замирида мустақиллик аталмиш бебаҳо неъматнинг қадр-қиммати намоён. Юрт равнақи, ҳудудларни ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар инсон бахту саодатига, фаровонликка хизмат қилишини ҳар бир юртдошимиз чуқур ҳис қилмоқда, ўзи гувоҳ бўлмоқда.

Мустақиллик йилларида босиб ўтган шонли йўлимизга назар ташлаб, эртанги кунимизга, ўз куч ва имкониятларимизга бўлган ишончимиз янада ортмоқда.Мамлакатимизни ривожлантиришнинг Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ барча соҳа ва тармоқларда амалга оширилаётган ислоҳотлар бу борада ҳал қилувчи омил бўлмоқда. Энг муҳими, «Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари» деган даъваткор ғоя ҳаётимизга тобора чуқур кириб бораётир.

Муболағасиз айтаманки, бугун Ўзбекистон том маънода дунёга очилди ва кўплаб мамлакатлар билан дўстлик, ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўймоқда. Президентимизнинг қўшни мамлакатлар билан яқин, дўстона муносабат ўрнатишга қаратилган шахсий ташаббуси минтақада янги сиёсий ҳақиқатни шакллантирди.

Мустақиллик куни — халқимизнинг энг улуғ, энг азиз айёми. Ҳар йили бу қутлуғ санани умумхалқ байрами сифатида кенг нишонлаш анъанага айланган. Шу сабабли давлатимиз раҳбарининг «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида»ги қарори халқимиз томонидан катта қувонч ва мамнунлик билан қарши олинди. Ўз навбатида, мазкур ҳужжат мамлакатимиз аҳлига кўтаринки руҳ бағишлаб, қалбларимизни қутлуғ айём шукуҳига тўлдирмоқда.

Унга биноан, 2021 йилги умумхалқ байрами «Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” деган ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маданий-маънавий тадбирлар руҳида ўтади. Шак-шубҳасиз, ушбу шиор ҳар бир ватандошимизнинг қалбини меҳр ва ифтихорга, ватанга садоқат билан хизмат қилиб, юртимизни бундан-да қудратли бўлишига ундайди.

Айтиш мумкинки, бу бетакрор байрам барча эзгу ниятли инсонларни бирлаштиради, уларнинг қалбида энг гўзал ва олижаноб туйғуларни уйғотади. «Инсон манфаатлари – ҳамма нарсадан устун» ва «Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак» тамойиллари асосида фуқароларнинг ижтимоий муаммоларини ҳал этиш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашдек эзгу ишларга чорлайди, кишини.

Қарорда белгиланганидек, эндиликда жамиятда хотин-қизларнинг ўрни ва нуфузини ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, оила, оналик ва болаликни ҳар томонлама ҳимоя қилиш, ёш қизларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаши учун барча чора-тадбирлар кўрилади. Жаҳон миқёсида давом этаётган коронавирус пандемияси ва иқтисодий инқирозга қарамай, мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллик қутлуғ санасини юксак савияда ўтказиш бўйича амалий ҳаракатлар изчил давом эттирилади.

Хулоса қилиб айтганда, тараққиёт, юксалиш, ободлик ва фаровонлик ўз-ўзидан бўлмайди. Бугун Ўзбекистонда қайси соҳани олманг, истиқлол инъом этган улкан имкониятлар ҳаётда ўзининг ёрқин ифодасини топаётганини кўрасиз. Зотан, биз қандай ютуқ ва натижаларга эришган бўлсак, буларнинг барчаси мустақиллик, истиқлол шарофатидир.

Одинахон ОТАХОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
OʼzLiDeP фракцияси аъзоси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер