Янги Ўзбекистон остонаси мактабдан бошланади
Фото: Халқ сўзи
Андижон шаҳрида айни шу шиор остида очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Унда Андижон вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов шаҳар ва туманлардаги умумтаълим мактабларидан ташриф буюрган 4 минг 200 нафардан зиёд ўқитувчи-педагоглар билан учрашди.
Мулоқотда шу йилнинг 5 апрель куни давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида халқ таълими соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлигига бағишлаб ўтказилган йиғилишда илгари сурилган долзарб вазифаларга алоҳида урғу берилди.

Ўз навбатида тажрибали педагоглар умумтаълим тизимида мавжуд муаммоларга тўхталиб, ўқув ва тарбия ишларини мазмун-моҳиятан янги босқичга олиб чиқиш юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
— Мактабларда таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш керак, — дейди тадбир иштирокчиси Фароғат Неъматова. — Бунинг учун, энг аввало, дарсликлар сифатига эътибор қаратиш лозим. Ундаги мавзулар бугунги замон талабига мос ва хос келиши ёш авлод тарбиясида катта аҳамиятга эга.
— Мактабларда ота-оналар ва ўқитувчилар ўртасидаги ҳамкорлик сусайиб кетгани рост, — дея фикр билдирди Жалақудуқ туманилик ўқитувчи Одинахон Кенжаева. — Қарс икки қўлдан чиқади, деб бежиз айтишмаган. Ўқитувчи ҳар қанча сифатли таълим бермасин, ўқувчининг ўзлаштиришини ота-онаси назорат қилмас экан, бундан наф йўқ.

Тадбирда таъкидланганидек, таълимга бўлган эътибор келажакка бўлган эътибордир. Бугун ушбу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатимиз келажаги учун қўйилган мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтайди. Шундай экан, соҳада туб бурилиш ясамоқ бугунимиз ва эртамиз учун жуда муҳимдир.
Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг