Янги ўқув биноси ҳамда ётоқхона қурилмоқда

19:47 20 Июль 2023 Жамият
704 0

Фото: Халқ сўзи

Каттақўрғон шаҳрида сўнгги икки йилда таълим соҳасида қурилиш-бунёдкорлик ишлари жадал олиб борилмоқда. Умумтаълим мактаблари ва олий ўқув юртлари учун янги бинолар қурилиши бунга мисол бўла олади.

— Филиалимизда 14 та таълим йўналиш бўйича 1300 дан зиёд талаба таҳсил олмоқда, — дейди Самарқанд давлат университети Каттақўрғон филиали директори Шерзод Ўроқов. —Муассасамиз фаолиятини кенгайтириш мақсадида 1000 ўринли янги ўқув ҳамда 500 ўринли ётоқхона бинолари қурилиши ўтган йили бошланиб, шу кунларда якунига етказилмоқда.

Бу биноларнинг янги ўқув йили арафасида фойдаланишга топширилиши келгусида филиалда таълим сифатини ошириш ҳамда Самарқанд вилояти, шунингдек, Каттақўрғон шаҳрига ёндош бўлган туманларда кадрлар тайёрлаш инфратузилмасини ривожлантиришга муносиб ҳисса бўлиб қўшилади.

Шаҳардаги 12- ва 20-умумтаълим мактабларида ҳам қурилиш-таъмирлаш ишлари якунига етказиляпти. Ингичка массивидаги 12-мактаб реконструкция қилиниб, 140 ўринли қўшимча бино қурилаётир. Бунинг учун 2 миллиард 842 миллион сўм маблағ ажратилган. Бу каби ишлар “Чинобод” маҳалласида ҳам изчил давом эттирилмоқда. Ҳудуддаги 20-мактаб ўқувчилари ўқув йилини янги бинода бошлашади.

— Бу ерда 360 ўринли ўқув биносини қуряпмиз. Объектнинг лойиҳа қиймати 3 миллиард 900 миллион сўмни ташкил этади, — дейди “Строй қўрғон бизнес” МЧЖ менежери Олим Очилов. — Қурилишга 50 га яқин ишчилар жалб қилинган ва барча шароитлар яратилган. Таълим муассасасини шу йилнинг октябрь ойида фойдаланишга топшириш кўзда тутилган.

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер