Янги объектлар фойдаланишга топширилди
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ/«Халқ сўзи». Янги йил байрами арафасида Иштихон туманида 7 та 7 қаватли уйлардан иборат янги замонавий турар жой мажмуаси фойдаланишга топширилди. Ушбу мажмуада 390 та хонадон мавжуд бўлиб, у замонавий талабларга жавоб берадиган, қулай ва барча инфратузилмалар билан таъминланган.
Тантанали очилиш маросимида вилоят прокуратураси, туман ҳокимлиги вакиллари, аҳоли ва ташаббускорлар иштирок этиб, бу уйлар уй-жойга эҳтиёжи бўлган оилалар учун муҳимлиги, энди улар Янги йил байрамини ўз уйларида кутиб олишга имконият бўлганини алоҳида таъкидлади.

Қўшработдаги Шовона маҳалласида ҳам бир неча янги объектлар фойдаланишга топширилди. Ушбу маҳалла “Обод маҳалла” дастурига киритилиб, маблағ етишмаганлиги сабабли ҳудудни ободонлаштириш ишлари якунланмай қолганди. Вилоят прокуратураси назорати ва кўмаги билан тегишли дастур якунига етказилди.
Хусусан, Маҳалла маркази, Нуронийлар маскани, тикувчилик цехи ва Шовона бозорчаси каби бир қатор объектлар қуриб битказилди. Бундай янги қурилиш объектлари келажакда ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожига ҳам ўз ҳиссасини қўшади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг