«Янги нафас» янги марраларга чорлайди

11:53 26 Июнь 2022 Жамият
829 0

Фото: Халқ сўзи

«Бир ватанда, бир вақтда, бир хил масофага, бир мақсадда - бирга югурамиз!» шиори остида ўтказилган югуриш марафонига ана шундай ўзига хос ном берилгани бежиз эмас. Зеро, бундай оммавий спорт тадбирлари кишига жисмоний қувват, саломатлик ато қилиши баробарида юртдошларимизнинг ягона мақсад йўлидаги ҳамжиҳатлигини, янги-янги марраларга интилаётган ёшларимизнинг ғайрат-шижоатини ҳам намойиш этади. Гулистон шаҳрида ўтказилган мусобақада ҳам бу жиҳатлар яққол намоён бўлди.

Гарчи ушбу тадбир юртимизда 30 июнь — «Ёшлар куни» байрами доирасида ташкил этилган бўлсада, унда навқирон авлод вакиллари сафида болалар, ёши улуғлар, ногиронлиги борлар, аёллар, ўнлаб ташкилот, муассасалар жамоалари вакиллари, қўйингки, минглаб юртдошларимиз иштирок этди.

Масалан, ховослик олтмиш уч ёшли Жўрақул Мўминов нафақат иштирокчи, балки мусобақа совриндорларидан бири ҳам бўлди. Ўн тўққиз ёшли Ўрозали Бойқулов эса ногиронлик аравачасида маррага етиб келди. Навқирон йигит пойабзал устаси бўлиб ишлар экан.

— Жуда хурсандман, — дейди Ўрозали Бойқулов. — Негаки, минглаб одамлар сафида бўлдим, барча қатори мусобақада иштирок этдим, совриндор ҳам бўлдим.

Сирдарё вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Дилноза Умрзоқованинг маълум қилишича, оммавий югуришда 110 нафар ногиронлиги бор юртдошларимиз ҳам қатнашди.

«Янги нафас» мусобақаси ғолиблари эсдалик совғалар билан тақдирландилар.

Айтгандай, марафонда Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев ҳам старт чизиғидан маррагача югуриб келди.

Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ,  «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер