Янги хизмат уйлари чегарачиларга ҳақиқий байрам совғаси бўлди

15:15 13 Январь 2024 Жамият
563 0

Фото: "Халқ сўзи"

Деҳқонобод туманидаги Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинларига қарашли ҳарбий шаҳарчада 30 та хонадонни ўз ичига олган иккита кўп қаватли хизмат уйи фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, Қуролли Кучлар фахрийлари, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан таъкидланганидек, бугун мамлакатимиз Қуролли Кучлари тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида эътибор қаратиляпти. Буни Деҳқонобод туманидаги мазкур ҳарбий шаҳарчада қуриб битказилган янги уй-жойлар ва унда яратилган шарт-шароитлар мисолида ҳам кўриш мумкин.

— Турмуш ўртоғим етти йилдан буён чегара қўшинларида хизмат қилади, — дейди ҳарбий хизматчи Баҳодир Нурматовнинг турмуш ўртоғи Гулнозахон Нурматова. — Шу вақтга қадар ижарада яшаб келаётган эдик. Қуролли Кучларимиз ташкил этилганлигининг 32 йиллиги байрами олдидан бизга янги хизмат уйининг берилгани оиламизга қувонч олиб кирди. Бу ерда тўкис яшаш учун барча шарт-шароитлар муҳайё.

Шу куни ҳарбий шаҳарчада барпо этилган 25 ўринли янги мактабгача таълим ташкилотининг ҳам фойдаланишга топширилиши юрт посбонлари ва уларнинг оила аъзолари учун ҳақиқий байрам совғаси бўлди.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, "Халқ сўзи".

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер