Янги йил ярмаркаси: энг кераклиси, ҳамёнбопи ва харидорга манзур бўладигани шу ерда

11:28 22 Декабрь 2025 Жамият
381 0

Айни кунларда Фарғона вилояти бўйлаб ҳамюртларимизга Янги йил шукуҳи ҳамда байрамона кайфият улашиш мақсадида ранг-баранг тадбирлар ўтказилмоқда. Вилоятдаги 19 та шаҳар-туман Марказий деҳқон бозорларида ташкил этилган арзонлаштирилган Янги йил савдо ярмаркалари бу борадаги эзгу ташаббуслар ижобати учун хизмат қилмоқда.

Шу мақсадда ҳар куни миришкор деҳқонлар, боғбонлар, мева-сабзавот етиштиришга ихтисослашган фермер хўжаликлари ҳамда тадбиркорлар томонидан кундалик зарурий озиқ-овқат, ширинлик ва қандолат маҳсулотлари савдо расталарига чиқарилмоқда. Умуман олганда, ярмаркадан байрам дастурхони учун керак бўладиган барча турдаги маҳсулотлар ҳамда совғаларни топиш мумкин.

Фарғона шаҳрида жойлашган Марказий деҳқон бозоридаги арзонлаштирилган ярмаркада гўшт, ёғ, шакар, ун маҳсулотлари, барча турдаги сабзавотлар, мева ва бошқа озиқ-овқатлар бор. Савдо нуқталарида харидорлар учун тўловни ўзига қулай усулда амалга ошириш қулайликлар яратилган.

Айниқса, ярмаркада мол ва қўй гўшти, тухум, сут маҳсулотларининг нархи арзонлиги харидорларга манзур бўлмоқда. Эътиборлиси, бозорда гўштни сифатли сақлаш мақсадида 20 тонна сиғимга эга музлатгичли омбор бунёд этилди.

—Деҳқон бозоридаги ярмаркада қўй гўштининг хориждан келтирилгани 90 минг, маҳаллийси 100 минг сўмдан, мол гўшти эса 70-85 минг сўмдан сотиляпти,—дейди Бешариқ туманида истиқомат қилувчи меҳнат фахрийси Ибодат Қурбонова.—Тухумнинг бир донасини 1-1,2 минг сўмдан сотиб олдик. Бозорнинг бошқа ҳудудларида тухумнинг донаси ўртача 1,5 минг сўм. Ярмаркада бошқа турдаги маҳсулотлар нархи ҳам сезиларли даражада арзон экан.

Фарғона вилояти санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси масъулларининг маълум қилишича, бозорлар ва арзонлаштирилган ярмаркаларда озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати, истеъмол учун яроқлилиги доимий назоратга олинган. Бунинг учун алоҳида ходим ажратилиб, маҳсулотлар сотувга чиқарилишидан олдин махсус лаборатория текширувидан ўтказилаётир. Шу тариқа сифатсиз маҳсулот савдо расталарига чиқарилишига йўл қўйилмайди.

Айтиш жоиз, вилоятнинг барча шаҳар-туманлари марказларида жойлашган деҳқон бозорларида арзонлаштирилган Янги йил савдо ярмаркалари фаолияти 2026 йилнинг январь ойи ўрталаригача давом этиши режалаштирилган.

Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер