Янги иш ўринлари яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш муҳокама марказида бўлди
Халқ депутатлари Термиз шаҳар Кенгашининг навбатдаги сессиясида депутатлар томонидан янги иш ўринлари яратиш, аҳоли бандлигини ошириш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикасини таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашиш борасида амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди.
Кун тартибидаги масалалар юзасидан Термиз шаҳар ҳокими ҳамда Термиз шаҳар ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ахборотлари эшитилди.
Қайд этилганидек, юртимизда кейинги йилларда аҳоли бандлигини таъминлаш, эҳтиёжманд аҳолини меҳнат фаолиятига жалб қилишда қулай шарт-шароитлар яратиш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга ошириляпти. Айниқса, Президентимиз раҳбарлигида аҳоли, ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини кафолатлаш, уларни касб-ҳунарга ўргатиш, даромадларини изчил ошириб бориш бўйича тизимли ишлар қилинмоқда.
Бу борада Термиз шаҳрида ҳам манзилли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, соҳада амалга оширилган ишлар натижасида ҳудудда жорий йилнинг январь-август ойларида 9819 та иш ўринлари яратилган.
Шунингдек, оилавий тадбиркорлик дастури доирасида ҳоким ёрдамчилари тавсияномалари асосида 1 207 та лойиҳага 28,8 млрд. сўмлик кредитлар ажратилган, касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқишга 363 нафар фуқаро йўналтирилиб, “Ишга марҳамат” мономарказлари ва бошқа нодавлат таълим муассасаларида ўқитилган. Тадбиркорлик қилиш истагида бўлган эҳтиёжманд 103 нафар хотин-қизларга 1 млрд. 44 млн. сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилган.
Бундан ташқари, Термиз шаҳрида давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган мақсад ва вазифалардан келиб чиққан ҳолда жиноятчиликни жиловлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида қатор амалий ишлар олиб борилмоқда. Шаҳарда содир этилаётган ҳар бир жиноят мутасадди идоралар раҳбарлари иштирокида маҳаллаларда атрофлича муҳокама қилиниб, уларнинг олдини олиш бўйича зарур чоралар кўриляпти. Бунинг натижасида Термиз шаҳар ҳудудида жиноятчилик камайишига эришилган. Масалан, 2023 йилнинг саккиз ойида ҳудудда 570 та жиноят содир этилиб, ўтган йилга нисбатан 36 тага камайган.
Шаҳар ҳудудида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва унга қарши курашишда тунги вақтда шаҳар ИИБ, вилоят ИИБ ЖТСБ ППХБ ходимлари, Миллий гвардия ва соҳавий ташкилотлар билан ҳамкорликда тунги гуруҳлар ташкил этилиб, улар томонидан тунги вақтларда ҳудудларда тўлиқ хизмат ташкил этиляпти.
Шу билан бирга, жиноятларни жиловлаш, ҳуқуқбузарликларни барвақт профилактика қилиш борасидаги ишларни янада жадаллаштириш, ҳамкорликни тўғри ва самарали йўлга қўйиш орқали жиноятларни тубдан камайтириш мақсадида шаҳардаги барча маҳалла креминоген вазият ва аҳоли сонидан келиб чиққан ҳолда “қизил”, “сариқ” ва “яшил” тоифаларга ажратилган.
Бу орқали ҳар бир “қизил” ва “сариқ” маҳаллаларда ҳуқуқбузарлик содир этилиши юқори бўлган объектлар, жиноят содир этишга мойил бўлган шахслар тоифага ажратилиб, жиноятларни жиловлаш бўйича туну-кун профилактик ишлар олиб борилмоқда. Бугунги кунда маҳаллалар ҳудудида содир этилган жиноятлар “маҳаллабай” тарзда алоҳида таҳлил қилиниши натижасида криминоген оғир ҳисобланган маҳаллаларни аниқлаш имконияти яратилган.
Шунингдек, сессия йиғилишида маҳаллаларда жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича белгиланган вазифалар ижросини етарли даражада таъминламагани қайд этилиб, маҳаллалар ҳудудида содир этиладиган жиноятларнинг олдини олиш бўйича профилактика инспекторларининг масъулиятини кучайтириш, жиноятларни ўз вақтида фош этиш борасидаги тадбирлар самарадорлигини ошириш, фош этилмасдан қолаётган жиноятларни очиш ишларини кучайтириш каби таклифлар илгари сурилди.
Сессияда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Н. Исмоилов мамлакатимизда амалга оширилган конституциявий ислоҳотлар, унинг моҳияти ва аҳамиятига алоҳида тўхталди. Бош Қомусимизда халқимизнинг фикри, хоҳиш-иродаси, барча тоифаларнинг — ёшлар, аёллар, ногиронлиги бўлган шахслар, ўқитувчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари акс этгани, юртимизда амалга оширилган ислоҳотлар руҳи ифодалангани, ундаги нормалар фуқароларнинг фаровон яшашига, давлатнинг барқарор ривожланишига хизмат қилиши қайд этилди.
Юртимизда олиб борилаётган жадал ислоҳотлар натижасида ҳаётимизнинг барча соҳаларида ўзгаришлар юз бераётгани, Ҳаракатлар стратегияси, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси доирасида давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, меҳнатини муносиб баҳолаш, одамлар турмуш даражасини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилаётгани таъкидланди.
Сессияда муҳокама қилинган масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ойдин ШАРОФУТДИНОВА, халқ депутатлари Термиз шаҳар Кенгаши депутати:
— Сессия йиғилишида муҳим масалалар муҳокама қилинди. Унда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикасини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича жорий йил охиригача бажарилиши лозим бўлган ишлар атрофлича кўриб чиқилиб, мутасадди раҳбарларнинг вазифалари белгилаб олинди. Эътиборлиси, сессияда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари иштирок этгани, улар томонидан янги таҳрирдаги Конституция, ундаги нормаларнинг мазмуни, аҳамияти ҳақида кенг маълумотлар берилгани жуда фойдали бўлди. Бу, албатта, иш фаолиятимизни янгича ёндашувлар асосида ташкил этишда янада самарали бўлади.
Бурхон РАҲМАТУЛЛАЕВ, халқ депутатлари Термиз шаҳар Кенгаши депутати:
— Сессия йиғилиши жуда мазмунли, натижадор бўлди, десам асло муболаға бўлмайди. Чунки кун тартибидаги масалалар атрофлича муҳокама қилиниб, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этишга қаратилган аниқ ва мақсадли таклифлар илгари сурилди. Жиноятчиликка қарши курашиш фақат ҳуқуқ тартибот органларининг эмас, балки кенг жамоатчиликнинг ҳам вазифаси бўлмоғи лозим. Ушбу жараёнда ҳуқуқбузарликнинг олдини олишда маҳаллалар кесимида иш олиб борилиб, маҳаллаларда ташкил этилган “бешлик” фаолиятидан унумли фойдаланишимиз керак. Ўйлайманки, бу, албатта, ўз самарасини беради.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг