“Янги ҳаёт” янги қиёфага кирди

17:44 11 Октябр 2023 Жамият
295 0

Фото: “Халқ сўзи”

Сайхунобод туманидаги олис — Янги ҳаёт маҳалласида “Обод хонадон”, “Обод кўча” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.

Хусусан, 2 километрлик пиёдалар йўлаги қурилди. Мавжуд 634 та хонадоннинг бари ичимлик суви билан таъминланди. Шунингдек, 5 та трансформатор таъмирланиб, 56 та симёғоч янги темир-бетон устунларга алмаштирилди. Шунингдек, 1,8 км масофага электр тармоғи тортилди. Кўчаларга ўрнатилган чироқлар эса Янги ҳаёт тунларини чароғон қилди.

Айни кунларда маҳаллага олиб борувчи 6 километр йўлга асфальт ётқизилмоқда. Эътиборлиси, маҳалла аҳли ҳам ҳам ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишларига кўмаклашмоқда. Ҳашар қилиниб, ариқлар тозаланиб, дарахтлар оқланди. Хонадонлар тартибга келтирилди. Томорқаларга тўқсонбости усулида сабзавот экинлари экилди.

Озод ва обод, тинч-тотув юртга байрамлар ярашади. Кеча Янги ҳаёт маҳалласида тантанали байрам тадбири ташкил этилди. Унда вилоят ва туман секторлари раҳбарлари, нуронийлар, ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди. Барчага дастурхон ёзилиб, ош тарқатилди. Хайрли ишларда фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатган кўчабошилар ҳамда хонадонлар соҳиблари қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Тадбир маҳалла марказида бунёд этилган ёзги амфитеатрда катта концерт дастури билан давом этди.

Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер