Янги боғча янги муваффақиятларга йўл очади
Ургут туманининг Ғиждувон маҳалласида янги мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилди.
Давлат-хусусий шериклик асосида бунёд этилган мазкур МТТ ўз бағрига 100 нафар 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болаларни сиғдира олади. Барча қулайликларга эга янги мактабгача таълим масканида келажагимиз ворислари учун замон талабларга мос шарт шароитлар яратилган. Жумладан, бинода машғулот хонаси ва ётоқхона, мудира хонаси, ҳамшира хонаси, ошхона, мусиқа зали мавжуд. Шунингдек, МТТ да ёзги айвончалар ҳамда болалар ўйин майдончалари ташкил этилган.

— Самарқандда келажагимиз ворислари бўлмиш ёш авлодни боғчаларга жалб этиш йўлидаги ишлар изчил давом эттирилмоқда, — дейди вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бўлим бошлиғи Ғайрат Бобохолов. — 2024 йилда вилоятда 3—7 ёшли болалар қамровини 70,6 фоиздан 71,6 фоизга етказиш кўзда тутилган. Бунинг учун 8 та давлат, 5 та давлат-хусусий шериклик асосидаги ва 325 та оилавий нодавлат МТТлар ташкил этилиб, жами 12 614 та ўрин яратилади.
Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг