Янги бино ва иншоотлар ёш авлод равнақига хизмат қилади
Фото: “Халқ сўзи”
Конституциямизнинг 31 йиллик байрами кунларида ПастДарғом туманидаги Баҳор маҳалласининг маъмурий биноси ҳамда маҳалла ҳудудида жойлашган 117-умумтаълим мактаблари фойдаланишга топширилди.

Маҳалла масъуллари фаолият олиб боришлари учун илгари бундай шароит йўқ эди. Эндиликда еттиликнинг ҳар бирига алоҳида хоналар қилинган, мўъжаз ва шинам маҳалла маркази қурилиб, фойдаланишга топширилди. Шунингдек, баҳорликларни кўп йиллардан буён мактаб муаммоси ҳам қийнаб келар эди. Барча қулайликларга эга, замонавий мактабнинг конституция байрами кунларида фойдаланишга топширилиши эса маҳалла фуқаролари учун муносиб байрам совғаси бўлди.
Мустақиллик байрами арафасида Пахтачи туманининг энг чекка Қарнабота қишлоғида 33-сон Болалар мусиқа ва санъат мактаби қурилиб, фойдаланишга топширилган ҳақида аввал хабар берган эдик. Ушбу 200 ўринли санъат мактабининг қурилишига 1 миллиард 420 миллион сўм маблағ сарфланиб, ёшларнинг 11 йўналишда амалий, тасвирий санъат, миллий ва эстрада чолғу асбоблари чолғу сирларини ўрганишлари учун шароит яратилганди.

Энди яна қўшимча 500 миллион сўм эвазига ушбу мактабга 150 ўринли концерт зали ҳам қуриб берилди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31 йиллиги байрами кунларида мазкур объект тантанали равишда фойдаланишга топширилди.
Ёш авлод қалбида эзгуликка интилиш ҳиссининг камол топишида мусиқанинг, умуман, санъатнинг ўрни беқиёс. Бугун ўғил-қизларимиз учун яратилган бундай имкониятлар эса уларнинг бу борадаги қизиқишларини ривожлантириб, келажакда мамлакатимиз мусиқа ва қўшиқчилик санъатини янада юксалтиришга хизмат қилиши шубҳасиз.

Тойлоқ туманининг Бунёдкор маҳалласида қурилган 27- мактабгача таълим ташкилотининг янги ва замонавий қиёфада фойдаланишга топширилганлиги нафақат бунёдкорликлар балки Украч маҳалласида истиқомат қиладиган аҳолига ҳам байрам совғаси бўлди.
Мактабгача таълим ташкилоти эски биносининг шароити қониқарсиз ва паст қувватда ишлаётганлиги сабабли инвестиция дастури асосида 4,2 миллиард сўм маблағ эвазига янги бино қурилиб, қуввати 75 ўриндан 120 ўринга оширилди.

Бинонинг очилиш маросимида иштирок этган нуронийлар, маҳалла фаоллари ва кенг жамоатчилик вакиллари бу ерда болажонлар учун яратилган шароитлар билан танишишди. Йиғилганлар юртимизда ёшлар таълим-тарбиясига қаратилаётган эътибордан мамнун эканликларини билдиришди.

Дарҳақиқат, Президентимиз ташаббуси билан юртимизда олиб борилаётган ҳаётбахш ислоҳотлар натижасида ҳудудлар қиёфаси тубдан янгиланиб, одамлар қалби ва онгу шуурида келажакка ишонч юксалди.
Абдулазиз Йўлдошев, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг