Янги автомобиллар озодаликка хизмат қилади
Фото: “Халқ сўзи”
Навоий шаҳридаги маиший чиқиндилар олиб чиқиб кетиш билан боғлиқ ишлар тизимини янада такомиллаштириш, санитар тозалаш корхоналарининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда хизмат кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида “Стимул Навоий” МЧЖга лизинг асосида 3 та маиший чиқиндиларни йиғиш техникалари олиб келинди.
Ушбу техникалар Навоий шаҳрининг барча маҳаллаларидаги аҳоли томонидан ҳосил бўлган маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш қамровини ошириб, шаҳарнинг “Стимул Навоий” МЧЖ хизмат кўрсатаётган “Бинокор”, “Бунёдкор” ва “Тинчлик” маҳаллаларида санитария ва ободонлаштириш хизматларининг яхшиланишига яхшигина стимул бўлиши тайин.
Айни чоғда мавзудан келиб чиқиб яна бир мулоҳазани баён этсак. Гап шундаки, Кармана туманининг Навоий шаҳрига шундоққина туташ Нарпай МФЙ аҳолиси тумандаги 3-сектор раҳбарининг сайёр қабулида ҳудуддан маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш ва зарарсизлантириш корхоналарига етказиш билан боғлиқ узилишлар ўзларини кўпдан буён қийнаб келаётганлиги, натижада катта йўл ёқалари ҳамда ариқ ва зовурлар бўйида сунъий чиқиндихоналар пайдо бўлганлигини кўтаришди.
Сектор раҳбарининг амалий ёрдами билан йўллар атрофи, ариқ ва зовурлар ёқалари чиқиндилардан тозаланди. Лекин муаммо бутунлай бартараф этилди, дейишга ҳали эрта. Боиси маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш тизимли йўлга қўйилмас экан, мазкур чора вақтинчалик самарага эга бўлиб қолаверади.
Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг