Янги авлод муҳандисларини тайёрлаш йўлида

10:50 26 Октябр 2019 Жамият
1165 0

Тошкент темир йўл муҳандислари институти ректори Маъруфжон Расулов бошчилигидаги делегация 2019 йил 21-25 октябрь кунлари Австрия давлатининг Клагенфурт шаҳрида ўтказилган “Интеллектуал транспорт тизимлари: АКТ га асосланган Ўзбекистон учун янги Магистратура дастури” лойиҳасининг навбатдаги семинарида иштирок этди.

Семинарда Гданск Технологиялар университети профессори, лойиҳа менежери Маcиеж Савицкий, Алпен–Адриа Клагенфурт университети олимлари Кямакя Кяндогҳере ва Войсич Кустралар, Словакиянинг Зилина университетидан Мирослава Микусова, Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг вакиллари жамланди. Бу ҳақда ТошТЙМИ  халқаро алоқалар бўлими хабар берди.

Семинар ишида Улуғбек Исроилов лойиҳанинг Тошкент темир йўл муҳандислари институтида бажарилиши юзасидан тақдимот ҳисоботини берди. Семинар давомида институт доценти Матлюба Ходжимуҳамедова лойиҳа таркибига киритилган “Ташиш тизимлари. Оқимни режалаштириш ва бошқариш асослари” фани бўйича яратилган видеодарслар билан таништирди.

Лойиҳа доирасида ТошТЙМИ делегацияси аъзолари Клагенфурт университетининг профессор-ўқитувчилари ва талабалари иштирокидаги илмий семинарларда модераторлик вазифасини бажарди. Темир йўлларнинг ўтказиш қобилиятини ошириш усуллари (модератор – Маъруфжон Расулов), Юк вагонлари деталлари бузилишининг техник муаммоларини асослаш ва уларни бартараф этиш усуллари (модератор – Ёдгор Рузметов), Яримевклид фазоларнинг геометрияси (модератор – Абдуллаазиз Ортиқбоев), Интермодал ташишларни ташкил этишда инновацион технологиялар (медератор – Матлюба Ходжимуҳамедова) ва Электр транспорти асинхрон тортув двигатели ҳолатини спектрал таҳлил қилиш учун ток датчиги (модератор – Улуғбек Исраилов) мавзусидаги маърузалар катта қизиқиш билан тингланди ва давомли мунозараларга асос бўлди.

Семинар натижалари сертификат билан расмийлаштирилди.

Ташриф давомида Тошкент темир йўл муҳандислари институти ва Клагенфурт университети ўртасида Ўзаро англашув ҳақидаги меморандум имзоланди.

Маълумот учун:

Лойиҳанинг асосий мақсади: Интеллектуал транспорт тизими (ИТТ) янги авлод муҳандисларини тайёрлаш учун инфратузилма ва тизим яратишдан иборат бўлиб, бу янги авлод муҳандислари Ўзбекистонда давлат бошқаруви органлари, саноат ва хусусий истеъмолнинг маҳаллий ва минтақавий транспорт муаммоларини ечишга қодир бўлишади.

Лойиҳанинг асосий вазифалари:

Интеллектуал транспорт тизими (ИТТ) бўйича янги магистратура дастурини ишлаб чиқиш.

Ўзбекистоннинг олий ўқув юртларининг ИТТ бўйича потенциалини ошириш.

Ўзбекистоннинг 6 та олий ўқув юрти АКТ базасида ИТТ лабораторияларини яратиш.

олий ўқув юртлар ва жамоат ташкилотлари /муассасалари/ корхоналари ўртасида алоқаларни ўрнатиш.

Лойиҳадан кутилаётган асосий натижалар:

Ўзбекистон олий ўқув юртлари учун ИТТ соҳасида янги магистратура дастурини яратиш;

Ўзбекистон олий ўқув юртлари учун Европа Иттифоқи стандартларига жавоб берадиган 12 та курсдан иборат фанлар ўқув мажмуасини ишлаб чиқиш;

ИТТ соҳасида тажрибалар ўтказиш учун зарур замонавий воситалар билан жиҳозланган 6 та ўқув-тажриба лабораториясини очиш.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер