«Янги Андижон» шаҳрида илғор технология асосида оқова сув хизмати кўрсатилади
Фото: Халқ сўзи
Аввал хабар берганимиздек, давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 12 июлда қабул қилинган «Янги Андижон» шаҳрини барпо этиш ишларини самарали ташкил этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан Андижон туманидаги 4 минг гектардан иборат ўзлаштирилмаган адирликлари ўрнида янги шаҳар қад ростламоқда. Бугун чинакам бунёдкорлик марказига айланган ушбу манзилда 440 минг аҳоли учун кўп қаватли турар жойлар, ижтимоий ва хизмат кўрсатиш объектлари, кичик саноат ва яшил ҳудудлар бунёд этиш кўзда тутилган. Ҳозирда унинг биринчи босқичи амалга ошириляпти. Лойиҳа фойдаланишга топширилгач, 121 минг нафар ҳамюртларимиз ўз уйларига эга бўладилар.

Айни пайтда бу ерда жаҳон тажрибаси асосида оқова сув хизмати кўрсатиш учун 2,5 гектар майдонда марказий ва ички тармоқларни қуриш ишлари ҳам бошлаб юборилган.

— 90 млрд. сўмлик ушбу лойиҳани амалга ошириш учун Туркия, Чехия, Германия тажрибаси ва технологияларидан фойдаланмоқдамиз, — дейди “Lust moment” масъулияти чекланган жамияти бош муҳандиси Шарифжон Раҳматов. — Қурилиш ишларида сифатли маҳаллий хомашёларни қўллаяпмиз.
Лойиҳага кўра замонавий иншоот бир кунда 10 минг метр куб сиғимдаги оқова сувни қабул қилиб, унинг 97 фоизини қайта ишлаш орқали хўжалик ишларига йўналтиради. Яъни қишлоқ хўжалиги учун истеъмолга яроқли ҳолатга келтирилган сув «Янги Андижон» шаҳридаги яшил майдонларни суғоришда қўлланилади. Бу эса сув тақчиллиги шароитида ҳар томонлама самаралидир.
Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг