«Янги Андижон» гавҳари
Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». Яқин-яқингача Андижон шаҳрида кўп қаватли бинолар қад ростласа, одамлар »Туркияликлар қурибди, шекилли», дейишарди. Гўёки, бундай салобатли биноларни бизнинг қурувчилар қуролмайдигандек…
— Биз барпо этаётган бинолар хорижлик мутахассислар томонидан қурилган бинолардан асло қолишмайди, — дейди «MARIN BUSINESS TRADE« МЧЖ қурилиш муҳандиси Баҳромжон Умаров. — Фаолиятимиз давомида 16 қаватли тураржойларни ҳам қурганмиз. Ҳозир Андижон шаҳридаги «Old city» мажмуасини барпо этяпмиз. Италия меъморчилиги услубида қад ростлаётган мажмуа 10 та 15, 16 ва 22 қаватли уйлардан таркиб топади. Уларда 1 минг 440 та оила истиқомат қилади. 2030 йилда тўлиқ қуриб битказилиши режалаштирилган мажмуанинг шаҳар ичидаги шаҳар мақомини олишига сабаб ўзининг сув сақлаш иншооти, алоҳида йўналишдаги газ қувури ва электр энергияси билан таъминлайдиган трансформатори бўлади.
Андижон вилоятидаги энг катта лойиҳа ҳисобланган «Янги Андижон» шаҳри ўз атрофига мамлакатимиз қурувчилари билан бир қаторда Ҳиндистон ва туркиялик ҳамкасбларни ҳам бирлаштирди.
— Ҳар бир бино ўзига хос хусусиятга эга, — дейди «Bizness-House« МЧЖ ХК раҳбари Ёдгорбек Ўктамбеков. — 4 минг гектар майдонни ўз ичига олган «Янги Андижон» шаҳрида биз қураётган тураржой биноси ҳозирдан «Янги Андижон» гавҳари» номини олди. Биринчидан, у шаҳар марказида жойлашган. Қолаверса, Европа ҳамда шарқ меъморчилиги услуби уйғунлигида қад ростлади. Иккинчидан, алоҳида сифат белгисига эга. Бунга энг сифатли хом ашёлардан фойдаланилганлиги туфайли эришдик.

2018 йилда Қирғизистон Республикасида ташкил топган ушбу корхона 2019 йилдан буён мамлакатимизда ҳам ўз фаолиятини олиб бормоқда. Айни пайтда Андижон вилоятида 5 та лойиҳани амалга оширмоқда. Шу кунга қадар вилоят марказидаги 6 та йирик лойиҳани фойдаланишга топширган корхона қурувчилари Алишер Навоий номидаги шоҳкўчада қад ростлаётган «Navoiy siti» тураржой мажмуасида ҳам ишламоқда. Бу бинода 700 та хонадон мавжуд бўлиб, турк андозаси асосида барпо этилмоқда. Қурилиш ишлари 2022 йилда бошланган. Жорий йил якунига қадар фойдаланишга топширилади. Бу ерда нафақат яшаш учун, балки савдо қилиш, транспортни жойлаш, маиший хизмат кўрсатиш, маъмурий идоралар фаолиятини йўлга қўйиш, дам олиш учун ҳам қулайликлар барпо этилмоқда.
Бугун Андижон вилоятида қад ростлаётган биноларни жаҳон талабларига мос келувчи лойиҳалар қаторига қўшиш мумкин.
— Архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхонамиз бир йилда 10 дан ортиқ ижтимоий соҳа объектлари, 10 дан зиёд кўп қаватли тураржой бинолари, тадбиркорлик объектлари, хусусий уй-жой лойиҳаларини тайёрлаш қувватига эга, — дейди «Andijon Mega Project« МЧЖ раҳбари Муҳаммаджон Болтабоев. — Ўн йил мобайнида юзлаб биноларга муаллифлик қилдик. Улар орасида ижтимоий объектлардан тортиб аҳоли тураржой масканларигача бор. Лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаётганда буюртмачининг талаб ва хоҳишларига асосланамиз.
Корхона томонидан 2021 йилда 1 миллиард сўмлик лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 1,8 миллиард сўмни ташкил этди. Бунга ҳудудда бунёдкорлик ишларининг кенг кўламда амалга оширилаётгани, ушбу корхонага бўлган ишонч сабаб бўлмоқда.
Бугун Андижон вилоятида қад ростлаётган ёки фойдаланишга топширилган биноларни кўриб кўзингиз қувнайди. Бир-бирини такрорламайдиган бу бунёдкорлик маҳсуллари ким учундир бошпана, бошқа биров учун истиқболли лойиҳаларни юзага чиқарувчи маскан сифатида қадрлидир. Улар Андижоннинг кўркига-кўрк қўшиб, унинг замонавий қиёфасини тамомила янгиламоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг