Яна уч ҳудудда маиший чиқиндилар бўйича кўрсатиладиган хизматлар учун ягона тўлов тарифлари тасдиқланди
Тошкент шаҳри, Бухоро ҳамда Наманган вилоятларида ҳам маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатиладиган хизматлар учун ягона тўлов тарифлари белгиланди.
Унга кўра, Тошкент шаҳри бўйича аҳоли учун 7500 сўм ҳамда юридик шахсларга 1 тонна учун (ҚҚСсиз) 188 минг 808 сўм ва 1 м³ учун (ҚҚСсиз) 89 минг 977 сўм тўлов миқдори белгиланди. Бухоро вилоятида эса аҳоли учун шаҳарларда 1 кишига ойига 5000 сўм, туманларда 4000 сўм ҳамда юридик шахсларга 1 тонна учун (ҚҚСсиз) шаҳарларда 186 минг сўм, туманларда 160 минг сўм ва 1 м³ учун (ҚҚСсиз) шаҳарларда 83 минг сўм, туманларда 71 минг сўм тўлов миқдори маъқулланди.
Наманган вилояти бўйича аҳоли учун 5000 сўм ҳамда юридик шахсларга 1 м³ учун (ҚҚСсиз) 50 минг сўм тўлов миқдори белгиланди.
Таъкидлаш жоизки, ушбу чора-тадбирлар давлатимиз раҳбарининг “Маиший ва қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда “Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш ва аҳоли пунктларида тозаликни таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорлари ва Вазирлар Маҳкамасининг “Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги Қарори ижросини таъминлаш мақсадида амалга оширилмоқда.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ташаббусига кўра Халқ депутатлари ҳудудлар Кенгашларининг тегишли сессия қарорлари билан белгиланган мазкур мажбурий ягона тарифлар санитар тозалаш корхоналари томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилаш, янги иш ўринлари яратилишини таъминлашга хизмат қилади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг