Яманда очарчилик хавфи кучаймоқда

22:21 25 Июль 2020 Дунё
2504 0

БМТ хабарига кўра, Яманда очарчилик хавфи янада кучаймоқда. Бу мамлакат озиқ-овқат етишмаслигининг «ваҳимали» босқичига қайтмоқда.

Ўзи шундоқ ҳам беш йилдан бери давом этиб келаётган урушдан силласи қуриган Яман халқи бу йил яна ҳам жиддий қийинчиликларга дуч келди. Булар қаторига коронавирус туфайли чекловлар, четдан келадиган пул ўтказмаларининг қисқариши, чигиртка балоси ва хориж давлатларининг ёрдамининг катта миқдорда чекланиши кабилардир. Шунингдек, ўзаро уруш олиб бораётган томонлар ўртасидаги тўқнашувлар сўнгги ҳафталарда кучайгани боис оддий халқ вакиллари ҳалок бўлмоқда ва жароҳатланмоқда.

Яманда очарчилик ҳеч қачон расмий тарзда эълон қилинмаган. БМТнинг 2018 йил охирида Яманда очлик борасидаги огоҳлантиришларидан кейин бу мамлакатга ёрдам кўрсатиш ҳаракатлари кучайди. Шундан кейин Жаҳон Озиқ-овқат Дастури Яман аҳолисининг 13 миллион нафарига озиқ-овқат етказиб берганди.

«Ҳозирда амалга оширилган барча яхшиланишлар хавф остида турибди» дейди Жаҳон Озиқ-овқат Дастурининг матбуот котиби Элизабет Бирс.

Ҳозирда Яманнинг иқтисоди ва соғлиқни сақлаш тизимидаги инқироз юзага келганига қарамай, озиқ-овқат етказиб бериш бўйича дунёнинг энг катта ташкилоти бўлган Жаҳон Озиқ-овқат Дастури ҳам маблағ етишмаслиги туфайли бу мамлакатга қилиниши керак бўлган ёрдам ҳажмини камайтиришга мажбур.

Жумладан, Ямандаги 2.5 миллион болани боқиш режаси август ойининг охирида тўхтатилиши мумкин. Жаҳон Озиқ-овқат Дастури аллақачон апрель ойида Яманнинг шимолий қисмига берилаётган озиқ-овқат ёрдамини 50 фоизга камайтирган.

«Яман аҳолиси очарчилик ёқасига келиб қолди. Лекин бу ҳали очарчилик дегани эмас. Ҳали жуда ҳам кеч бўлгани йўқ» дейди Бирс бошқа давлатларга ёрдам сўраб мурожаат қилар экан.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер