Ялпи ички маҳсулот ўсиши ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 105,5 фоизга ўсган

11:47 11 Май 2023 Сиёсат
622 0

 Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бошланди.

Мажлисда Вазирлар Маҳкамасининг «2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг 2023 йил биринчи чорагида бажарилиши юзасидан ҳисоботи кўриб чиқиляпти.

Кун тартибидаги масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.Қўчқоров ахборот бермоқда.

Қайд этилганидек, ялпи ички маҳсулот ўсиши ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 105,5 фоизга ўсган. Давлат буджети даромадлари 47,3 трлн. сўмга ижро этилган. Аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш мақсадида Давлат буджетидан ижтимоий соҳаларга йўналтирилган харажатлар 18,1 трлн. сўмни ташкил қилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 22,3 фоизга ошган.

Ҳисобот даврида жами қиймати 2,55 млрд. долларлик хорижий инвестициялар ўзлаштирилган, товарлар ва хизматлар экспорти 3,2 млрд. долларга етган. Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 6,2 трлн. сўмлик импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқарилган.

Адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш борасида ҳам тизимли ишлар бажарилган. Жумладан, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган ишсиз хотин-қизларни давлат ҳисобидан меҳнат бозорида талаб юқори касб-ҳунарларга ўқитиш мақсадида 78 минг нафар хотин-қизларнинг манзилли рўйхати шакллантирилган.

Шунингдек, аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш самарадорлигини янада ошириш, репродуктив ёшдаги ва ҳомиладор аёллар учун юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш мақсадида 46 та туманлараро перинатал марказларни тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш бўйича тегишли шартномалар имзоланган.

Хорижий давлатларда меҳнат қилиб қайтган фуқароларнинг бандлигини таъминлаш ва уларни реинтеграция қилиш мақсадида 80,2 минг нафарга яқин фуқаронинг бандлиги таъминланган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер