Яхши яшаш учун фақат орзу эмас, интилиш ҳам керак — Абдизоҳир Зиёев

18:00 18 Декабрь 2023 Жамият
425 0

Фото: “Халқ сўзи”

Ургут тумани Баҳрин маҳалласидаги Қўрғонча қишлоғида икки минг нафардан зиёд аҳоли яшайди. Жорий йилнинг июнь ойида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов мазкур қишлоқда бўлиб, ҳудуд инфратузилмаси ва аҳоли турмуш тарзи билан танишган эди. Қишлоқ аҳли билан суҳбат давомида вилояти ҳокими ҳудудда ободонлаштириш ишларини олиб бориш бўйича ўз тавсияларини билдириб, ички йўллар ҳокимлик кўмагида асфальт қилиб берилишини айтганди.

Вилоят ҳокими ташаббуси билан қишлоқда ободонлаштириш, қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб бориш учун 870 миллион сўм маблағ ажратилди. Натижада қарийб 1,5 километрга яқин ички йўлларга асфальт ётқизилди. Бу хайрли ишларда қишлоқ аҳли ҳам фаол иштирок этди. Давлат томонидан шунча имконият, қулайлик яратиб берилаётганидан руҳланган қўрғончаликлар яшаб турган жойларини яна ҳам обод қилишга ўзлари ҳам баҳоли қудрат ҳисса қўшди.

Хусусан, ободонлаштириш ва қурилиш-таъмирлаш ишларини олиб бориш мақсадида саховатли тадбиркорлар томонидан 450 миллион сўм маблағ ажратилди. Бунинг эвазига қишлоққа кириш қисмидаги кўприк таъмирланди. Марказий кўчада 86 та тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди, қабристон атрофи 800 метр девор билан ўралди. Шунингдек, 180 метрли айвон қурилди.

— Умумманфаатига хизмат қиладиган ишлар ҳамжиҳатликда бажарилса, одамларни бир-бирига яқинлаштиради, меҳр-оқибатни мустаҳкамлайди, — дейди Қўрғонча маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси Абдизоҳир Зиёев. — Одамлар аҳил-иноқ, оқибатли бўлган жойда барака бўлади. Ҳамма ишни давлат қилиб бериши керак, деб қараб ўтириш ярамайди. Мана, вилоятимиз ҳокими қишлоқни обод қилиш бўйича ҳаракатларни бошлаб берди, йўлимиз равон бўлди. Қолган ишларни яна ҳокимият зиммасига ташлаб ўтирсак бўлмасдида. Эл катта куч, ҳамма ишни бамаслаҳат, биргаликда амалга оширишга киришгандик, қишлоғимиз обод бўлиб қолди. Яхши яшаш учун фақат орзу эмас, ҳаракат, интилиш ҳам керак.

Бугунги кунда ҳам қишлоқдаги бу эзгу ишлар давом эттириляпти. Айни пайтда нуронийлар чойхонаси таъмирланиб, ҳудудда кўркам боғ ташкил этилмоқда.

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер