Яхши китоблар замон талабидир
Фото: "Халқ сўзи"
Миллий матбуот марказида «Ишонч» ва «Ишонч-Доверие» газеталари таҳририяти жамоаси томонидан жорий йилда чоп қилинган «Бир сўз...», «2021. Факт ва далиллар, мулоҳаза ва мунозара, танқид ва таҳлил, талқин ва хулосалар...», «Биз ҳаётдан розимиз!» китоблари тақдимоти бўлиб ўтди. Унда таҳририят ходимлари, ёзувчи, журналистлар, ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.
Тадбирда сўнгги йилларда таҳририят томонидан китоблар чоп этилиши яхши анъанага айлангани, хусусан, «Бир йилга бир назар», «Ишонч» айтадики...», «2020 — миллатни улғайтирган йил» каби китоблар таҳририят жамоасининг ўзига хос йиллик ижодий сарҳисоби сифатида ўқувчиларга манзур бўлгани таъкидланди.
«2021. Факт ва далиллар, мулоҳаза ва мунозара, танқид ва таҳлил, талқин ва хулосалар...» номли китобда “Ishonch” ва “Ishonch-Доверие» газеталарида жорий йилда чоп этилган турли мавзулардаги танқидий-таҳлилий мақолалар, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, давлатимиз раҳбарининг фармон ва қарорлари ижросига бағишланган материаллар ўрин олган.
Ҳаётий ҳақиқатларни, унинг ранг-барангликларини бадиий ифодалаш ижодкордан катта куч ва маҳоратни, истеъдодни талаб қилади. Руҳий ҳолат ва кечинмаларни тасвирлаш ҳам анчайин мураккаб. Ана шу йўлда изланиш, сўзни сўзлатишга ташналик ҳам бир қисматдир. «Бир сўз...» деб номланган мўъжаз тўпламга ушбу қисматга дохил қалам аҳлининг ижод намуналари жамланган.
«Биз ҳаётдан розимиз!» китоби эса давлатимиз раҳбарининг оқилона ва инсонпарварликка йўғрилган эзгу ташаббуси билан ташкил этилган «Аёллар дафтари» сабаб рўшноликка эришган хотин-қизларнинг миннатдорлик мактублари асосида тайёрланган. Мактубларни ўқиган китобхонлар бугунги ислоҳотларнинг ёрқин самараларини аёллар тақдиридаги ўзгаришлар мисолида кўради, мушоҳада этади.
Тақдимот сўнгида иштирокчиларга янги чоп этилган китоблардан совға қилинди.
Раҳматжон БОБОЖОНОВ («Халқ сўзи»).
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг