Яхши гап эшитиш мукофот олгандай гап...
Нигора Сафарова нафақат “Пахтаобод” МФЙдаги Жарқўрғон қишлоғи аҳли ўртасида, балки Китоб туманида обрў-эътибор қозонган ишбилармон аёл. У 11 сотих иссиқхонасида йилига уч марта ҳосил олишга эришмоқда. Ўзининг тили билан айтганда, “шаффоф гумбаз2 остидан дастлабки йили 10 млн. сўмгача даромад олган бўлса, бугунги кунга келиб бу миқдор 70 млн. сўмдан ошмоқда.
– Маҳалладошлар кўпинча қандай қилиб бир йилда иссиқхонадан 3 марта ҳосил олишим ҳақида сўрашади,- дейди Нигора. – Бунинг ҳеч қандай сири йўқ, экинни вақтида экиб, вақтида йиғиштириб олсангиз, кейинги экин тури учун замин яратсангиз, буни уддалайсиз, дейман уларга. Мен доим шундай қиламан. Масалан, январь ойида иссиқхонамнинг 9 сотихида бодрингнинг серҳосил навини экиб, август ойига қадар ҳосил оламан. Бу йил даромад 25 млн. сўмдан ошди. Бодринг ўрнига дарҳол редиска, шивит, шавил, пиёз ва саримсоқпиёз экиб, бозорга чиқаряпмиз. Бундан ҳам 30 млн. сўм фойда кўрдик. Учинчи экин сифатида иссиқхонамизга манзарали гул кўчатлари уруғини сепдик. Униб чиққан гулларни тувакчаларга ўтқазиб, ички бозорга чиқарамиз. Гуллар жуда харидоргир, чунки улар турфа хил ва турли рангларда жилоланади.
Нигора манзарали гул савдосидан камида 15-17 млн. сўм даромад топаяпти. Шу тариқа у одамлар тилига тушди. Келиб-кетувчилар, сўраб-суриштирувчилар кўпайди. Шунинг учун ҳам Нигора “Пахтаобод” МФЙдаги уйда ўтирган, ишсиз ва ҳунарсиз аёлларни тўплаб, иссиқхонасида “мастер класс” ўтказди. Росмона ўқитувчи каби уларга сабоқ берди, ўзининг бор сир- асрорларини пухта ўргатди.
Бу ишда унга O’zLiDeP Китоб туман Кенгаши “Аёллар қаноти” фаоли Гуллола Кенжаева “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурида белгилаб берилган вазифалар юзасидан кўмак берди. Айниқса, хотин-қизларга томорқасидан унумли фойдаланаётганларга имтиёзли ва кам фоизли кредит ажратилиши ҳақидаги тавсиялар ҳаммага жуда маъқул келди.
Ҳаракатда барокат, деганларидек, Нигора меҳнатсеварлиги ва тиниб-тинчимаслиги туфайли томорқасини даромад манбаига айлантирмоқда. Даромади ҳисобидан ҳашаматли уй солиб, янги автомобиль харид қилгани, тўй-тантаналар ўтказганини одамлар давраларда гапириб юришибди. Чиндан ҳам яхши гап эшитиш мукофот олгандай гап...
Фахриддин Бозоров, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг