ЯНГИ ДАВРНИНГ УМИДБАХШ ЭПКИНЛАРИ

18:46 15 Март 2022 Жамият
1869 0

ёхуд Тараққиёт стратегиясида белгиланган устувор вазифаларнинг халқимиз ҳаётидаги аҳамияти хусусида

Минтақамиздаги биринчи Ренессанс алломаларидан бири Абу Наср Форобий фозил жамиятни шундай тасвирлаган эди: “Давлатнинг вазифаси инсонларни бахт-саодатга олиб боришдир. Бу эса илм ва яхши ахлоқ ёрдамида қўлга киритилади”.

Бугунги кунимизга, ҳаётимизга теран назар ташласак, мамлакатимизда барча соҳада амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, халқимизнинг турмуш фаровонлигини юксалтириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар шу эзгу мақсадга — одамларни рози қилишга, уларнинг бахт-саодатини таъминлашга қаратилгани яққол ойдинлашади.

Мазкур жараёнда таълим, илм-фан, маърифат, маданият, санъат ва маънавият ривожига алоҳида эътибор қаратилаётгани ота-боболаримизнинг фозил жамият, кучли давлат қуриш борасидаги асрий орзулари бугунги янги Ўзбекистон тимсолида бўй кўрсатаётганига ишончимизни мустаҳкамлайди.

Дарҳақиқат, мамлакат тараққиёти унинг фуқаролари ҳаёт тарзи, уларга яратилган шарт-шароит ва имкониятларга, қулайликларга бевосита боғлиқ. Шу жиҳатдан олганда, бугун жонажон Ватанимизда “Инсон қадри учун” ғояси изчиллик касб этган кенг кўламли ислоҳотларнинг янги босқичига тамал тошини қўйди. Қисқа, лекин сермазмун бу ибора шу давргача мавжуд бўлган тамойилларни бутунлай ўзгартириб юборди.

Ижтимоий сиёсат: инсон қадри улуғ

Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, ҳозирги давр — янги Ўзбекистоннинг ўзига хос хусусиятлари ижтимоий сиёсатни кучайтириш, одамлар фаровонлигини оширишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш, ҳаёт сифатини ривожланган давлатлар даражасига кўтариш, адолатли, эркин ва тараққий этган жамият қуришда намоён бўлмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев илгари сурган 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини рўёбга чиқаришга ҳам давлат раҳбарининг “Инсон қадри учун” деган ғоясига асосланган ҳолда киришдик. Унинг моҳиятини изоҳлар экан, Президентимиз инсон қадр-қиммати қандайдир мавҳум ва баландпарвоз тушунча эмаслигини алоҳида қайд этди. Бу, энг аввало, ҳар бир фуқаро учун тинч ва бехавотир ҳаётни, унинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилмани яратиш, шунингдек, малакали тиббий хизматлар ва сифатли таълим олиш, ижтимоий ҳимоядан фойдаланиш ҳамда соғлом экологик муҳитда яшаш имкониятларини бериш демакдир.

Шу мақсадларга эришиш учун яқин келажакда бутун дунёда ноёб демократик тузилма ҳисобланмиш маҳалла институтининг имкониятларидан иложи борича тўлиқ фойдаланиш кўзда тутилмоқда. Унинг ваколатлари янада кенгайтирилиб, маҳалла жамоатчилик бошқаруви ва назоратининг, халқ билан самарали мулоқотнинг таянч нуқтасига айлантирилади.

Янгича маҳаллабай ишлаш тизимининг жорий этилиши ҳам ноёб ҳодиса бўлиб, у ижтимоий аҳамиятга молик муаммоларни ҳал қилишнинг таъсирчан усули сифатида намоён бўлди.

Жорий йил бошидан Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигининг фаолияти йўлга қўйилди. Келгусида Президентнинг маҳалладаги вакили бўладиган ҳоким ёрдамчилари тайинланди. Уларнинг асосий вазифаси ўз маҳалласи ҳудудида тадбиркорликни ривожлантириш, иш ўринлари яратиш, камбағалликни қисқартириш ва оилалар даромадини кўпайтиришдан иборат. Аҳоли билан ишлаш асносида улар оилани камбағалликдан чиқариш, касбга ўқитиш, имтиёзли кредит, субсидия ва ер участкалари ажратиш бўйича мавжуд имкониятлар ҳақида хабар беришади. Шу мақсадлар учун жорий йилда 10 триллион сўмлик имтиёзли кредитлар ва 2,5 триллион сўмлик субсидиялар, яъни ҳар бир маҳалла учун ўртача 1,3 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилади.

Яна шуниси аҳамиятлики, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга умумий ҳисобда 80 минг гектар экиладиган ер майдонлари ажратилиши туфайли 500 минг нафар киши доимий даромад манбаига эга бўлади.

Бундай кўламдор ишлар биринчи галда нисбатан оғир иқтисодий ва ижтимоий ҳолатдаги маҳаллаларда амалга оширилади. У жойларда инфратузилмани яхшилаш, ичимлик суви тармоқлари, болалар боғчалари, мактаблар, тиббий муассасалар, бандликка кўмаклашиш марказлари, маданият, спорт ва тадбиркорлик иншоотларини таъмирлаш ва қуришга алоҳида эътибор қаратилади.

Олис маҳаллаларда замонавий инфратузилма

Халқимизда “Бошпанаси борнинг ташвиши йўқ”, деган ибора мавжуд. Ўз уй-жойига эга бўлиш илгари кўпчилик одамлар учун ушалмас орзу эди. Кейинги йилларда олиб борилаётган сиёсат эса уларга некбин умидлар бахш этди.

Арзон уй-жойлар қуриш дастури ватандошларимиз орасида қувонч билан кутиб олингани ҳам шундан. Сўнгги бир неча йил ичида ипотека дастурлари доирасида 140 мингдан зиёд уйлар қурилди, бу эса аввалги йиллар билан таққослаганда 11 марта кўпдир.

Давлат бюджети маблағларининг каттагина қисми таълим тизими ва инсон капиталини ривожлантиришга йўналтирилди. Давлат раҳбарининг ташаббуси билан амалдаги таълим стандартлари ва ўқув дастурлари қайта кўриб чиқилмоқда. Мактабларда ўқув юкламаси ва дарслар сони оптималлаштирилмоқда, илғор тажрибаларга таянган ҳолда дарсликлар янгиланиб, ўқувчиларни фикрлаш ва олган билимларини амалда қўллашга ундовчи услубиёт жорий этиляпти. Кутубхоналар фонди ўқув-услубий адабиётлар билан бойитилмоқда. Таълим тизими объектлари ва уларда меҳнат қилаётган ходимларни сертификация ва аккредитациядан ўтказиш жараёнлари замон талаби асосида яхшиланяпти. Ўқитувчиларни тайёрлаш тизимини тубдан яхшилаш, уларни моддий жиҳатдан рағбатлантириш ҳамда ўқитувчининг жамиятдаги обрўсини кўтариш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ҳатто энг олис маҳаллаларда ҳам таълим тизимининг замонавий инфратузилмаси фаол суръатлар билан шакллантирилмоқда. Мактаблар, мактабгача таълим ташкилотлари ва мактабдан ташқари муассасалар, олий ва ўрта-махсус илм даргоҳлари қурилмоқда ва таъмирланмоқда. Уларнинг моддий-техника базаси ҳам мустаҳкамланяпти.

Мазкур йўналишдаги ишлар кўлами келгусида яна ҳам кенгаяди. Мамлакатимиз раҳбарининг кўрсатмаси бўйича беш йил ичида мактаблар сиғими оширилиб, 1,2 миллион ўқувчи ўрни яратилади. Бундан ташқари, давлат ва хусусий болалар боғчалари сонининг ортиши ҳисобига мактабгача таълим билан қамраб олиш кўрсаткичи 80 фоизга етказилади.

Айтиш жоизки, кейинги йилларда таълим тизимида ихтисослаштирилган мактаблар улуши ҳам анча кўпайди. Масалан, 2019 йили мамлакатимизда 271 та ихтисослаштирилган мактаб бор эди. Ҳозир эса бундай билим масканлари сони 790 тани ташкил этмокда. Шунингдек, 14 та Президент мактаби фаолият юритмоқда. Уларда математика, физика, кимё, биология, ахборот технологиялари, хорижий тиллар ва бошқа долзарб йўналишлар бўйича чуқурлаштирилган таълим йўлга қўйилган. Ушбу муассасалар замонавий ўқитиш модели бўлиб, таълим соҳасидаги сифат ўзгаришларидан дарак бериб турибди ва пировардида жамиятнинг илм-фан, илғор технологиялар ҳамда техник касб-ҳунарларга бўлган қизиқишини кучайтиради.

Сифат имконият кенгайишига олиб келди

Барча даражадаги таълим сифатининг яхшиланиши ёшларнинг билим олиш имкониятини ҳам кенгайтирди. Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами вакиллари, жумладан, хотин-қизлар учун янги квоталар киритилмоқда. 2021 йилнинг ўзида 2 минг нафар қиз олий таълим муассасаларига алоҳида грант асосида қабул қилинди. Натижада ўтган йили олий ўқув юртларига кирган талабалар умумий сонининг 60 фоизини хотин-қизлар ташкил этди.

Келгуси беш йилда бу борада яна ҳам самаралироқ чора-тадбирлар амалга оширилади. Президентимизнинг 8 март — Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанали тадбирдаги чиқишида айтилганидек, таълим контрактларини тўлаш учун қизларга 7 йил муддатга фоизсиз кредит бериш жорий қилинади. Бундан ташқари, келгуси ўқув йилидан бошлаб, магистратурада ўқиётган қизларнинг контракт пуллари тўлиқ бюджетдан қоплаб берилади, шунингдек, докторантура йўналишида хотин-қизлар учун ҳар йили камида 300 тадан мақсадли квота ажратилади.

Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш масаласи ҳам долзарблигича қолмоқда. Шу боис ҳар бир маҳалла, мактаб ва бошқа ижтимоий объектларда янги кутубхоналар, спорт заллари ва майдончалари, компьютер марказларини очиш, спорт ва бадиий ҳаваскорлик тўгараклари, хорижий тиллар, компьютер саводхонлиги ва меҳнат бозорида талабгир касб-ҳунарларга ўқитиш бўйича курслар фаолиятини жонлантириш юзасидан чора-тадбирлар амалга оширилади.

Кейинги вақтда мамлакатимизда аҳоли саломатлигини таъминлаш йўлидаги амалий ишлар самарасини ҳар биримиз ўз ҳаётимизда кўряпмиз, ҳис этяпмиз. Бу, айниқса, коронавирус пандемияси даврида яққол сезилди. Эътиборлиси, келгуси беш йилда бу йўналишдаги ишлар янада фаоллашади. Инсонга ғамхўрлик қилиш, фуқаролар саломатлигини доимий кузатиб туриш мақсадида тиббий хизматлар аҳолига янада яқинлаштирилади. Бунинг учун ҳудудларда бирламчи тиббий хизмат “бир қадам” тамойили асосида йўлга қўйилиб, 105 та оилавий шифокор пункти ва 31 та оилавий поликлиника ташкил этилади. Талаб катта бўлган йўналишлар бўйича тиббий ёрдам туманлараро даражада кўрсатилади. Тиббий хизматлар сифатини яхшилаш мақсадида бирламчи тиббий-санитария ёрдами тизимининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, рақамли медицинани кенг жорий этиш, дори-дармон ва тиббий жиҳозлар учун ажратиладиган бюджет маблағларини кўпайтириш каби қатор чора-тадбирлар мўлжалланмоқда.

Пойдевори мустаҳкам механизм

Ўзбекистон тез орада даромади ўртадан юқори бўлган давлатлар сафига киришни мақсад қилган. Бу ҳақдаги хабарлар хориж мамлакатлари оммавий ахборот воситаларини хам қизиқтирмоқда. Жумладан, Кувайтнинг “Nokhbah News” ва “Sabr News” газеталари саҳифаларида республикамиз шу мақсадга етиш учун аниқ кўрсаткичларни белгилаб олгани ва уларга етишга хизмат қилувчи механизмларни жорий этиши тўғрисида ёзишди.

Иқтисодий қудратни оширишга бўлган ҳаракатлар ўз-ўзидан тушунарли: ахир, фақат иқтисодий жиҳатдан кучли давлатларгина ижтимоий ва бошқа масалаларни муваффақиятли ҳал этишга, аҳоли фаровонлиги ва турмуш даражасини кўтаришга қодир.

Хўш, бизда бу борада аҳвол қандай? 2017 — 2020 йиллар бўйича рақамларга эътибор берсак, иқтисодий ўсиш 18,3 фоизни ташкил этгани, ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ҳажми 60 миллиард долларга етганини кўрамиз. Саноат ишлаб чиқариши ҳажми 2016 йилдагига нисбатан 23,4 фоизга, экспорт 25 фоизга ёки 15,1 миллиард долларгача ортган.

Фақат кувайтлик ҳамкасбларимиз эмас, балки бошқалар томонидан ҳам энг кўп муҳокама қилинаётган ўша мақсадга қайтсак. Тараққиёт стратегиясида ЯИМни 100 миллиард долларгача, саноат ишлаб чиқаришини 1,4 бараварга ошириш мўлжалланган. Экспорт ҳажми 2026 йилга бориб, 30 миллиард долларга етказилиши керак.

Энди савол: бундай ўсишга ниманинг ҳисобидан эришилади? Маълумки, замонавий бизнес вакиллари мисни янги олтин, янги нефть, ҳатто келажак метали, деб ҳисоблашади. Чунки унинг юқори технологияли тармоқлардаги роли тобора ортиб боряпти. Айнан шу боис ҳам, мис ишлаб чиқариш ва ундан фойдаланган ҳолда бошқа маҳсулотларни тайёрлашни икки бараварга ошириш учун асос яратишга қодир бўлган мис саноати кластерларини тузиш масаласи давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида. Олмалиқ кон-металлургия комбинатида бу йўналишда анчагина ишлар бажарилмоқда. Бу ерда 3-мис бойитиш фабрикаси қурилиши давом этяпти. Президентимиз лойиҳанинг рўёбга чиқарилиш жараёни билан танишган чоғида уни тезлаштириш ва фабрикани 2023 йил охиригача ишга тушириш бўйича ўз тавсияларини берди.

Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг JORC кодекси бўйича баҳоланган мис ресурслари 45 миллион тоннага тенг деб ҳисобланмоқда. Шундан келиб чиқиб, 2030 йилга бориб, мис ишлаб чиқаришни 515 минг тоннага етказиш бўйича концепция ишлаб чиқилган. Шунинг учун 3-мис бойитиш фабрикасининг қурилиши билан бир пайтда 4-фабрикани ҳам лойиҳалаштириш мўлжалланмоқда. Натижада рудани қайта ишлаш қувватларини уч баробарга ошириш мумкин бўлади. Шунингдек, мис кластери яратиш режалаштирилган. Ўтган йил охиридаёқ 76 миллион долларлик 22 та лойиҳа шакллантирилган бўлиб, улар мисни қайта ишлаш, саноатнинг турли тармоқлари ва ташқи бозорда талабга эга бўлган, юқори қўшилган қийматли маҳсулот ишлаб чиқаришга қаратилган.

Ноёб қувватлар қудрати

Тараққиёт стратегиясида миллий иқтисодиётни яқин беш йилда ривожлантиришнинг таркибий қисми сифатида кимё ва газ-кимё тармоқларини ривожлантириш, хусусан, табиий газни қайта ишлашни 8 дан 20 фоизгача ва кимё маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 2 миллиард долларгача етказиш кўзда тутилган. Бунга эса реал асос бор, имконият етарли. Масалан, ўтган йил охирида фойдаланишга топширилган “Uzbekistan GTL” юқори технологик заводи синтетик суюқ ёнилғи ишлаб чиқаришга мўлжалланган.

Бундай ўта замонавий мажмуа дунё миқёсида жуда кам. Корхонада ҳар йили 3,6 миллиард кубометр табиий газ қайта ишланади ҳамда энг сўнгги технология ва жиҳозлар ёрдамида қиймати 1 миллиард доллардан ортиқ бўлган 1,5 миллион тонна суюқ ёнилғи ишлаб чиқарилади. Юқори сифатли авиакеросин, “Евро-6” дан кам бўлмаган юқори стандартларга мос дизель ёнилғиси, нафта ва суюлтирилган газ билан бир қаторда, завод базасида қиймати 620 миллион долларлик олтита лойиҳа амалга оширилгач, кимё саноатида, маиший анжомлар, мебель, қурилиш материаллари ва электротехника, тўқимачилик ва чарм саноати маҳсулотлари ишлаб чиқаришда кенг қўлланиладиган бутен ва гексен, синтетик мойлар, малеин ангидрид, эмульсион қўшимчалар, катализаторлар тайёрлаш йўлга қўйилади.

Американинг “EIN Presswire” нашрида қайд этишларича, қисқа муддат ичида чўлда гигант завод ва кимё кластери пайдо бўлди, уларнинг қурилиши пандемия шароитида ҳам тўхтамади. “Бундай ноёб мажмуа шу пайтгача жаҳонда фақат 4 та давлатда — Қатар, Нигерия, Жанубий Африка Республикаси ва Малайзияда барпо этилган эди, — дея хабар берилади нашрда. — Ушбу завод бутун минтақада нефть-газ-кимё саноати бўйича энг катта корхонадир. Энг муҳими, завод туфайли Ўзбекистонда йилига 500 миллион долларлик импорт ўрни қопланади”.

Муаллифлар таъкидлаганидек, бутун дунё фаол равишда “яшил” иқтисодиётга ўтяпти, янги завод ҳам шу анъанага риоя қилмоқда. Завод маҳсулоти энг юқори халқаро экологик талаблар, меъёр ва стандартларга жавоб беради, деб қайд этилади мақолада.

“Uzbekistan GTL”нинг қурилиши тугаши билан яна битта мажмуа барпо этилишига старт берилди, у эса Шўртан газ-кимё мажмуасининг қувватини уч баравар оширишга имкон яратади. Янги корхонада “Uzbekistan GTL” заводида ишлаб чиқариладиган 430 минг тонна нафтани қайта ишлаш ҳисобига йилига 380 минг тонна полиэтилен ва полипропилен тайёрланади.

Шу иккита янги завод туфайли Шўртан мажмуаси доирасида Ўзбекистондаги илк газ-кимё кластери тузилади, ундаги ишлаб чиқариш ҳажми 2025 йилга бориб 1,8 миллиард долларга етказилади ёки 6 бараварга кўпаяди. Мамлакатимизда табиий газни қайта ишлаш кўрсаткичи ҳозирги 8 фоиздан 14 фоизгача ортади.

Бундан ташқари, табиий газни қайта ишлашни чуқурлаштириш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш мақсадида Тошкент, Навоий, Фарғона, Бухоро вилоятлари ва Қорақалпоғистоннинг Устюртида яна бешта кимё-технологик кластер ташкил этилади. Уларда қиймати йилига беш миллиард долларни ташкил этувчи 180 турдаги юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Яна бир мисол. Тараққиёт стратегиясига кўра, чарм-пойабзал саноатида ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш ва маҳсулот тайёрлашни уч бараварга кўтариш кўзда тутилган.

Хўш, бу соҳанинг имкониятлари қандай? Бу саволга қуйидаги рақам ва далиллардан жавоб оламиз. Гап шундаки, 2017 йилдан бери соҳада ишлаб чиқариш салкам 6 мартага, тайёр маҳсулот улуши эса 32 фоиздан 78 фоизгача ортган. Тағин бу — барча захиралар ишга солинмай туриб. Масалан, хом ашёни тайёрлаш, ҳисобга олиш ва унга ишлов бериш тизимини яхшилаш, янги ва модернизация қилинган корхоналарни ташкил этиш, мамлакатимизнинг турли минтақаларидаги 16 та махсус кичик саноат зоналари фаолиятини жонлантириш лозим. Тармоқнинг ривожи давлат томонидан қўллаб-қувватланаётганини ҳам айтиб ўтмасак бўлмайди. Жумладан, махсус кичик саноат зоналари жойлашган вилоятларда тегишли инфратузилмани яратиш учун бюджетдан 90 миллиард сўм ажратилади. Шу тармоқда бизнес бошлаш истагини билдирган тадбиркорларга уч йиллик имтиёзли давр билан 7 йилга кредит берилади. Умумий ҳисобда тармоқни қўллаб-қувватлашга жорий йилда 60 миллион доллар миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилади.

Тараққиёт стратегиясида қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажмини икки баравар кўпайтириш кўзда тутилган. Тўқимачилик саноати маҳсулотлари ишлаб чиқаришни икки баравар, электротехника саноатида юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ҳам шунчага ошириш белгиланган. Мебель маҳсулотлари тайёрлаш ҳажми 2,8 марта, фармацевтика тармоғида эса 3 марта ортади. Умуман олганда, ўсиш фоизларда эмас, балки бир неча баробарлик кўрсаткичларда мўлжалланмоқда.

“Инсон қадри учун” тамойили асосида рўёбга чиқариладиган кенг кўламли ислоҳотлар мамлакатимиз тараққиётига кучли импульс беради. Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясига мувофиқ, давлат сиёсатининг устувор йўналишлари қаторида камбағалликни қисқартириш, фуқароларни ижтимоий ҳимоялаш, уларни иш ўринлари ва кафолатли даромад манбаи, малакали тиббий ва таълим хизматлари, муносиб турмуш шароитлари билан таъминлаш чоралари белгиланган. Бу ишларнинг барчаси, аввало, ривожланган давлат ва адолатли жамият қуриш жараёнида инсон қадр-қимматини улуғлашга қаратилгандир.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимиздаги фаровон ҳаётни таъминлаш йўлида изчил олиб борилаётган туб янгиланишлар Ўзбекистоннинг халқаро обрў-эътибори ва нуфузини ҳам оширишга хизмат қилмоқда. Буни яқиндан кузатаётган таниқли экспертлар, сиёсатчи ва таҳлилчилар Президентимиз Шавкат Мирзиёевни “Сингапур мўъжизаси” асосчиси Ли Куан Ю ҳамда Хитой иқтисодий тараққиёти меъмори Дэн Сяопинга ўхшатишмоқда. Аммо юртимизда олиб борилаётган жадал ислоҳотлар ушбу давлат арбоблари илгари сурган тараққиёт стратегияларига қиёсланганда ўзининг шиддаткорлиги, инсонпарварлиги, халқнинг асрий орзулари, манфаатларига уйғун экани билан ўзига хосдир. Бинобарин, янги Ўзбекистоннинг 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясида белгиланган чора-тадбирларга эътибор қилган ҳар қандай инсон буни теран англайди.

Янги Ўзбекистон ва учинчи Ренессансни қуриш йўлида амалга оширилаётган туб ўзгаришлар — янги даврнинг умидбахш эпкинлари ҳар бир қалбга ажиб бир кўтаринкилик, сурур, баланд руҳ бахш этади. Эртанги кунга бўлган мустаҳкам ишонч ҳар биримизни миллий тараққиётимизга муносиб ҳисса қўшишга ундайди.

Ўткир РАҲМАТ.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер