Яйпан шаҳарчасидаги “Нуронийлар маскани” кўркам кўринишга келтирилди

01:11 05 Ноябрь 2023 Жамият
426 0

Фото: “Халқ сўзи”

Эзгу ташаббусга кўра, айни пайтда Фарғона вилояти шаҳар-туманларида миллий ва замонавий шаҳарсозлик меъморчилиги анъаналари асосида барпо этилган “Нуронийлар маскани” фаолият кўрсатмоқда.

Яқинда Ўзбекистон тумани маркази – Яйпан шаҳарчасида ана шундай масканлардан бири фойдаланишга топширилди. Бу ерда кутубхона, оталар чойхонаси ташкил этилди. Маънавият, тиббиёт хонаси, спорт- соғломлаштириш зали керакли жиҳозлар билан таъминланди. Бино атрофида кенг кўламли ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилиб, мевали ва манзарали дарахтлар ҳамда гуллар экилди. Шу тариқа ҳудудда озода ва ораста хиёбон яратилди.

— “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг жорий йил биринчи мавсумида бундан деярли чорак аср олдин қурилган ушбу бинони мукаммал таъмирлаш ташаббуси илгари сурилди ҳамда кенг жамоатчилик фаоллигида энг кўп овоз билан ғолиб бўлди, — дейди “Нуроний” жамғармасининг Ўзбекистон туман бўлими раиси Нўмонжон Кенжаев. — Лойиҳа доирасида ажратилган маблағ ҳамда туман ҳокимлигининг қўллаб-қувватлаши туфайли маскан обод ва кўркам кўринишга келтирилди. Бунинг учун 1 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланди.

Ҳозирги кунда муҳташам бино ва хиёбон нуронийларимизнинг севимли маскани. Бир пиёла чой устидаги дориламон кунлар шукронаси суҳбатлари, спорт мусобақалари даврага ўзгача файз бахш этади.

Шунингдек, бу ерда китоб мутолааси, тиббий кўрикдан ўтиш учун ҳам қулайликлар муҳайё этилган.

Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.  

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер