Волонтёрлик фаолиятига оид қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда
Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”
Сенатнинг қирқ учинчи ялпи мажлисида “Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда волонтёрлик фаолиятини янада ривожлантириш, фуқароларнинг ижтимоий ташаббусларини қўллаб-қувватлашга, уларнинг ижтимоий вазифаларни ҳал этишдаги масъулиятини кучайтиришга қаратилган ҳуқуқий асослар яратилди.

Шу билан бирга волонтёрлик фаолиятини янада рағбатлантириш, давлат органларининг волонтёрлик фаолиятини амалга оширувчи субъектлар билан ҳамкорлигини кучайтириш, ижтимоий вазифаларни ҳал этишда волонтёрларга кўмаклашиш, уларнинг хизматларини эътироф этиш ҳамда тақдирлаш механизмларини такомиллаштиришни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.
Ушбу Қонун билан Вазирлар Маҳкамасига ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига волонтёрлик фаолияти соҳасидаги давлат мақсадли дастурларини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва уларнинг бажарилишини таъминлаш бўйича ваколатлар берилишини назарда тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда.

Бундан ташқари, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар ишлари агентлиги волонтёрлик фаолияти соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи этиб белгиланмоқда. Зеро статистик маълумотларга кўра, ҳозирги кунда волонтёрлик гуруҳлари аъзоларининг 80 фоизини ёшлар ташкил этади.
Қонунга кўра, Ёшлар ишлари агентлиги соҳада давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш, мақсадли дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиш, волонтёрлик фаолияти соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш каби ваколатларга эга бўлади.

Ўз навбатида, Сенат аъзолари томонидан Қонун муҳокамаси жараёнида киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар волонтёрлик фаолиятини ривожлантиришда республика ижро этувчи ҳокимият органларининг масъулиятини оширишга ҳамда волонтёрлик фаолиятини янада рағбатлантиришга хизмат қилиши қайд этилди.
Шунингдек, сенаторлар ушбу Қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизда, айниқса ёшлар орасида хайрли ташаббуслар янада кўпайишига хизмат қилишига ишонч билдирди.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.




Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг