Водийда юк машинаси ва йўловчи поезди иштирокида ЙТҲ рўй берди. Ҳайдовчи ҳаётдан кўз юмди

12:56 14 Октябр 2020 Жамият
2103 0

Куни-кеча, 13 октябрь, соат 21:40да Бувайда ва Қўқон станциялари оралиғидаги темир йўл кесишмасида йўл транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ахборот таҳлилий медиа маркази хабар берди.

Қайд этилишича, ГАЗ-53 русумли юк машинанинг Т.С. исмли ҳайдовчиси темир йўл кесишмасида ҳаракатланишнинг амалдаги қоидаларини бузади. Натижада у ёпиқ тўсиқ (шлагбаум)ни четлаб ўтишга ҳаракат қилиб, Тошкент — Андижон йўналишида ҳаракатланаётган №62-сонли йўловчи поезди билан урилиши оқибатида автоҳалокат юз берди.

Воқеа натижасида юк машинасининг ҳайдовчи кабинасига жиддий зарар етказилган. Юк машинаси ҳайдовчиси воқеа жойида ҳалок бўлди.

"Локомотив ва йўловчи поездининг биринчи вагонига ҳам зарар етказилган. Йўловчилар орасида жабрланганлар йўқ. Зарар кўрган "Қўқон" локомотив депосига олиб борилди. Йўловчи поезди манзилигача бошқа электровоз орқали етказиб борилди. Воқеа натижасида йўловчи поезди 42 дақиқага кечиктирилди.

Ҳозирда ҳуқуқ-тартибот ҳамда бошқа тегишли идоралар томонидан содир бўлган йўл транспорт ҳодисаси юзасидан тергов ишлари олиб борилмоқда" дейилади хабарда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер