Водий ҳунармандлари халқаро кўргазмада иштирок этмоқда

11:08 08 Ноябрь 2024 Жамият
307 0

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ/«Халқ сўзи». Германия халқаро ҳамкорлик ташкилоти — GIZнинг Фарғона водийсида туризмни барқарор ривожлантириш лойиҳаси доирасида водийнинг 9 нафар ҳунармандлари Berlin Bazaar халқаро ҳунармандчилик кўргазмасига таклиф этилган.

— Айни тадбир орқали водийга хос ноёб ҳунармандчилик маҳсулотларини жаҳон миқёсида намойиш қилиш имкониятига эга бўлдик. Бу ерда қадимий ва навқирон миллий амалий санъатимиз намуналарининг энг сараларини кўргазмага қўйганмиз, — дейди Silk Granat миллий ҳунармандчилик ва туризм маркази раҳбари Марина Жаббарова.

Берлин шаҳрига ташриф буюрган вакилларимиз орасида наманганлик каштадўз Абдулбосит Исоқжонов, ғурумсаройлик кулол Ваҳобжон Буваев ҳам бор. Улар қўлида жило топган ипак матога ажойиб тасвирлар туширилган кашталар, оддий лойдан кишини ҳайратга солувчи ашёга айланган рўзғор ва эсдалик буюмлари томошабинларнинг ҳайратига сазовор бўлмоқда.

6-10 ноябрь кунлари бўлиб ўтадиган халқаро кўргазмада водий ҳунармандларининг маҳсулотлари биринчи бор намойиш этилиб, келажакда ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш бўйича музокаралар ўтказилиши кўзда тутилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер