Владимир Норов Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) вице-президенти Жуничи Ямада билан учрашди
Фото: Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати
2022 йилнинг 22 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Владимир Норов Токиога ташрифи давомидаги илк учрашувни Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) вице-президенти Жуничи Ямада билан ўтказди.
Музокаралар чоғида Ўзбекистон ва JICA ўртасидаги «Тараққиёт учун расмий кўмак» дастури доирасидаги ўзаро ҳамкорликнинг ижобий суръати мамнуният билан қайд этилди.
1993 йилдан 2021 йилгача мазкур тузилма ҳомийлигида мамлакатимизда имтиёзли кредитлар доирасида 1,5 миллиард АҚШ доллари, грантлар ва техник кўмак дастурлари бўйича 232,2 миллион АҚШ долларилик лойиҳалар амалга оширилди.
Айни пайтда умумий қиймати 4,7 миллиард АҚШ долларилик 13 та лойиҳа амалга оширилмоқда.Томонлар, шунингдек, 700 миллион долларлик 14 та янги лойиҳа устида ишламоқда.
Жуничи Ямада JICA Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги асосий ҳамкори деб билишини ҳамда мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли янгиланишлар жараёнини юксак қадрлашини таъкидлади.
Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги вице-президенти JICA Ўзбекистон томони билан ҳамкорликни янада ривожлантиришга хайрихоҳ эканлигига ишонч билдирди.
Энергетика, чиқиндиларни камайтириш, экологик тоза технологияларни жорий этиш, экспортни қўллаб-қувватлаш, транспорт ва логистика, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳалари ўрта муддатли истиқболга мўлжалланган устувор йўналишлар этиб белгиланди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг