Владимир Норов Покистон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Билавал Бҳутто Зардарий билан учрашув ўтказди
Фото: Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати
2022 йил 29 июль куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири в.б. Владимир Норов Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгаши (ТИВК) йиғилишида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Покистон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Билавал Бҳутто Зардарий билан учрашув ўтказди.
Б.Зардарий Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТ ТИВК йиғилиши жуда муваффақиятли ва юқори ташкилий даражада ўтгани, бу йил Ташкилот фаолиятидаги асосий воқеа – Самарқанд шаҳрида бўлажак Саммитга тайёргарлик кўришнинг якуний босқичи бўлганини таъкидлади. Покистон томони Ўзбекистоннинг Ташкилотга раислиги доирасида илгари сурилган ташаббус ва таклифларнинг тўлиқ қўллаб-қувватлашини маълум қилди.
Ўзбекистон-Покистон муносабатларини янада ривожлантиришнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари кўриб чиқилди. Сиёсий мулоқотни фаоллаштириш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш ва маданий-гуманитар алмашинувларни кенгайтириш бўйича қўшма чора-тадбирлар кўриш тўғрисида келишувга эришилди.
Иқтисодий дипломатияни ривожлантириш мақсадида савдо ва божхона тартиб-қоидаларини ўзаро асосда осонлаштириш, икки мамлакат ўртасида ҳаво қатновини тиклаш, иқтисодиётнинг турли тармоқларида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш муҳимлиги қайд этилди.
Маданият, таълим ва туризм соҳасидаги алоқаларни фаоллаштириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
Айрим халқаро ва минтақавий масалалар, жумладан, Афғонистондаги вазият муҳокама қилинди. Покистон ТИВ раҳбари конструктив халқаро мулоқот учун замин яратган Афғонистон бўйича конференциянинг самарали натижаларини мамнуният билан қайд этди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг