Владимир Норов Финляндия ташқи ишлар вазири билан учрашди
Фото: Ташқи ишлар вазирлиги
2022 йил 1 декабрь куни амалий ташриф билан Лодз шаҳрида бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Владимир Норов Финляндия Республикаси Ташқи ишлар вазири Пекка Хаависто билан учрашди.
Сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги икки томонлама муносабатларнинг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Вазирлар иқтисодий дипломатияни фаоллаштириш муҳимлигини таъкидладилар, «Финнпартнершип» кўмагида 2022 йил 1 ноябрь куни Тошкент шаҳрида Финляндиянинг қатор компаниялари иштирокида «яшил» технологиялар, энергетика, сув хўжалиги, қурилиш материаллари соҳасида ўтказилган бизнес-форумнинг самарали натижаларини олқишладилар. Икки мамлакат ишбилармон доиралари, жумладан, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Финляндиянинг «ЭастЧам Финланд» компанияси ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.
Экспертларнинг ўзаро ташрифларини ташкил этиш, ўқитувчи ва талабалар алмашинуви дастурлари, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш орқали таълим соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Вазирлар БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўп шериклик Траст фонди доирасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш юзасидан фикр алмашдилар.
Парламентлараро мулоқотни фаоллаштириш ва минтақавий тузилмалар доирасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдор экани тасдиқланди.
Шунингдек, халқаро кун тартибидаги айрим масалалар кўриб чиқилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг